ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Келаси 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун кичик ҳаж зиёрати (умра) квотаси йилига 6 мингдан 10 мингга оширилади, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида эълон қилинди.
Шунингдек, ҳаж ва умра сафарини ташкил этишда қатор янгилик ва имтиёзлар кўзда тутилган. Жумладан, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясига зиёратчилар учун авиачипталар нархини камайтириш вазифаси топширилди. Зиёратга бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, уларнинг аввалги манзили бўйича навбати сақланиб қолиши белгиланди.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига жойлардаги ҳукумат органлари билан биргаликда ҳаж ва умра сафарларига борадиган фуқаролар рўйхатининг холисона ва ижтимоий адолат мезонлари асосида шакллантирилиши ҳамда муқаддас зиёратларни ташкил қилишда белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини таъминлаш топширилди.
Икки ой муддатда Мусулмонлар идораси сайтида ҳаж ва умра сафарига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими шакллантирилади.
Тошкент, Нукус ва Ўзбекистоннинг барча вилоятлари марказларида фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичлари марказлаштирилган ҳолда битта тиббиёт муассасасида бепул амалга оширилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.