ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси Дирекцияси" давлат корхонасини тугатди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Хусусан, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида кўргазма-ярмарка савдолари доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом ашё ва материалларни харид қилишнинг амалдаги тартиби турли хил коррупция кўринишлари, шу жумладан, реал бозор конъюнктурасини инобатга олмасдан шартномалар тузиш, нархларни ошириш ва сифатсиз маҳсулотларни етказиб бериш учун шароит яратмоқда.
Кўргазма-ярмарка савдоларини ўтказишнинг тартиб-таомиллари, энг аввало, кичик бизнес субъектларининг давлат ва корпоратив буюртмаларни олишга бўлган имкониятларини лозим даражада таъминламаяпти, бу эса бозорда соғлом рақобатни ривожлантиришни чеклаб қўймоқда.
Кўрсатилган муаммолар битимларни тузишнинг шаффоф механизми йўқлиги, ушбу соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишларнинг етарли эмаслиги сабабли кучаймоқда.
Бундан ташқари, илгари ўтказилган халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари доирасида тузилган шартномалар ижро этилиши якунларининг таҳлили шартнома мажбуриятлари ва тасдиқланган тармоқ жадвалларининг бажарилиши тўлиқ таъминланмаётганлигини кўрсатди.
Мазкур ҳолат кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган шартномаларни ижро этиш жараёни устидан лозим даражада назорат ўрнатилмаганлигидан, уларни тузишда, шу жумладан, Дирекция ишини ташкил этишдаги хатолар оқибатида содир этилган суиистеъмолчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Кўргазма-ярмарка савдоларини самарали ўтказиш учун павильон майдонлари ва бошқа инфратузилмаларнинг етарли эмаслиги етказиб берувчиларнинг талабларини тўлиқ даражада қаноатлантирмаган, шунингдек, уларнинг иштирокчилари доирасини, айниқса, кичик бизнес субъектлари ҳисобидан кенгайтириш имконини бермаган.
Баён этилганлар инобатга олиниб, Президентнинг ушбу қарори билан Дирекция тугатилди.
Бу борада Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Таклифлар Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими доирасида давлат харидлари ягона ахборот портали ҳамда ягона миллий ресурслар маълумотномасини ташкил қилиш орқали мазкур тизимнинг очиқлиги ва шаффофлигини оширишни назарда тутиши лозим.