TOШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Иқтисодиёт вазирлиги махсус сўров шакли орқали тадбиркорларнинг ўз фаолиятидаги муаммоли масалаларни ечишга ҳамда мамлакатда ишбилармонлик муҳити ҳолатини яхшилашга қаратилган таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Бир ҳафтадан кам бўлган муддат ичида тадбиркорлардан қонунчиликдаги номутаносибликлар ҳамда тадбиркорликнинг ривожланиш йўлидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича 80 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.
Маълум қилинишича, келиб тушган таклифларнинг кўпчилиги банк соҳасидаги муаммоларни ечишга қаратилган.
Тадбиркорлар банк операциялари бўйича воситачилик ҳақи миқдорининг юқорилигини кўрсатишмоқда. Масалан, хоразмлик тадбиркор томонидан кредит олишда тақдим этилган ҳужжатларни кредит комиссияси кўриб чиқиши учун қўшимча ҳақ олиниши, шунингдек гаров таъминотини суғурталаш ҳамда уни баҳолаш, кредит ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш ва бошқа жараёнлар учун кетган харажатлар тадбиркорлар томонидан қопланиши лозимлиги қайд этилган.
Шу билан бир қаторда, тижорат банкларига молиявий кўмак сўраб мурожаат қилаётган тадбиркорларга жиддий молиявий юк бўлаётган сабаблар қаторида тижорат банклари томонидан маблағларни конвертация қилиш, аккредитивларни очиш, конвертация қилинган маблағларни чет эллик ҳамкорларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш ва бошқа хизматлар учун абонент тўловлари ҳамда бошқа воситачилик фоизлари ўрнатилганлиги санаб ўтилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлар бизнес фаолиятини юритиш учун арзон молиявий ресурслар етишмаётганлигини қайд этиб, тижорат банклари билан рақобатлаша оладиган молиявий институтларнинг мавжуд эмаслигини кўрсатишмоқда. Мазкур ҳолатни бартараф этиш учун респондентлар тижорат банкларига ҳақиқий рақобатчига айланувчи кредит уюшмаларининг фаолиятларини тиклашни таклиф этмоқдалар. Бу эса ўз навбатида, кредитдан фойдаланиш учун фоиз ставкалари камайишига сабаб бўлади.
Шунингдек, сўров қатнашчиларининг мулоҳазаларига кўра, тижорат банклари томонидан улар тавсия этган баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботини талаб қилмасдан ёки баҳоланган гаров таъминотининг қийматини ўзларининг хоҳишига кўра камайтирмасдан мустақил баҳоловчи ташкилотларнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларини банклар томонидан сўзсиз қабул қилинишига эришиш лозим.
Кичик бизнес субъектлари вакилларининг кўпчилиги иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) ўтиш натижасида вужудга келган муаммоларни қайд этишмоқда. Статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботлар учун ИФУТнинг жорий қилиниши натижасида ХХТУТ бўйича аввал кичик бизнес субъектлари ҳисобланган иқтисодиётнинг айрим тармоқларидаги корхоналар йирик корхоналар тоифасига ўтказилган эдилар. Натижада уларнинг кўпчилиги ҳозирги вақтда умумбелгиланган солиқ режимига ўтиб қолишлари ҳамда солиқ юкининг бирданига ошиб кетиши сабабли янги шароитларга аста-секин мослашув босқичларини босиб ўтмасдан йирик корхоналар билан рақобатлашиш имкониятига эга эмаслар.
Юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, кичик бизнес вакиллари кичик корхоналар ходимларининг чекланган сони бўйича белгиланган талабларни тузатиш ёки муқобил вариант сифатида ҳам давлат, ҳам хўжалик юритувчи субъектларни қаноатлантирувчи оқилона солиқ ставкаларини белгилаган ҳолда уларга ўрта бизнес мақомини беришни таклиф этишмоқда.
Сўров қатнашчиларининг айрим изоҳларида тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг ҳануз юқорилигича қолаётганлиги таъкидланмоқда. Хусусан, тадбиркор Ш. Ниязметов томонидан тадбиркорлар иш ҳақининг "конверт"ларда тўлаш ҳолатига барҳам бериш учун хизмат қилиши мумкин бўлган ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 10 фоизга тушириш таклиф этилмоқда, А. Атажанов эса ходимларнинг чекланган сони 10 кишигача бўлган микрофирмалар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 5 фоиздан 3 фоизгача пасайтиришни таклиф этмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлар корхоналарга қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш фаолиятида хомашё сифатида фойдаланиш учун аҳолидан сут, гўшт, тухум, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа шу каби оддий хомашё ресурсларини нақд пулли ҳисоб-китобларга харид қилишдаги мавжуд қийинчиликларни кўрсатиб ўтишмоқда.
Уларнинг фикрича, корхоналарга аҳолидан нақд пулга хомашё ва маҳсулотларни харид қилишга рухсат бериш уларнинг норасмий тўловларини камайтириш ва шу орқали маҳсулотлар нархларининг шаклланиши ва уларнинг товар бозорларидаги рақобатбардошлигини ошириш билан бевосита боғлиқ бўлган корхоналарнинг харажатларини мақбуллаштириш имконини беради.
Тегишли чора-тадбирлар қабул қилиш мақсадида ваколатли вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўриб чиқиш учун барча таклифлар, шунингдек уларнинг тадбиркорлик ривожи учун кутилажак таъсири вазирликнинг тегишли бўлинмалари томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда.