ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик. Давлат раҳбари Жиззах шаҳридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишди.
Марказда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган муаммо ва масалалар юзасидан турли соҳа мутахассисларидан жавоб олишлари мумкин, деб хабар берилади Ўзбекистон ҳукумати порталида.
"Энди тадбиркор муаммосини ҳал қилиш учун турли ташкилотларга бориб юрмайди. Ушбу марказда барча соҳа мутахассислари уларнинг талаб ва таклифларини ўрганади ва ечимини топади. Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази тадбиркорларнинг ҳақиқий кўмакчиси бўлиши лозим", деди Шавкат Мирзиёев.
Туманларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш марказлари ташкил этилиб, улар томорқадан самарали фойдаланиш, микробизнесни йўлга қўйиш, микрокредитларни расмийлаштириш, ажратилган кредитларни мониторинг қилиш каби масалалар билан шуғулланади. Вилоят бўйича 91 ана шундай марказ очилиши кўзда тутилган.
"Агар биз энг олис ҳудудларда ҳам тадбиркорликни ривожлантирмоқчи бўлсак, аввало, аҳолига тадбиркорлик бўйича етарлича тушунча ва билим беришимиз керак. Тадбиркорларга имконият ва шароит яратиб берсак, улар ўзларини ҳам, аҳолини ҳам иш билан таъминлайди", деди Ўзбекистон президенти.