ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ўттиз нафарга яқин бухоролик тадбиркорлар томонидан Спутник таҳририятига йўлланган мактубда Бухоро вилоятида 16 та балиқчилик фермер хўжалигининг бекор қилиниши натижасида 600 дан зиёд одамлар ишсиз қолишгани, шаҳар марказидаги замонавий супермаркетга айлантирилиши режалаштирилаётган "Дилкушо" бозорида эса 4 ойдан бери ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаётгани ва бунинг натижасида тадбиркорларнинг 70%и ишсиз қолаётгани баён этилган.
Тадбиркорлар томонидан йўлланган мактубда келтирилган масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Спутник мухбири Бухоро вилояти ҳокимлиги билан боғланди.
Хатда келтирилган масалалар бўйича ҳокимликнинг умумий бўлим раҳбари Олима Рўзиева қуйидагича изоҳ берди:
"Балиқчилик фермер хўжалигининг бекор қилишини масаласи бўйича умумий бўлим раҳбари сифатида ҳеч қандай изоҳ бера олмайман. Бу масалалалар батафсил текширилиб чиқилиши керак. "Дилкушо" бозорига келадиган бўлсак, бозор 10 йилдан бери талабларга умуман жавоб бермасди. У ерда ўта тартибсиз ҳолатда савдо бўларди. Қолаверса, бундай ҳолат шаҳар маркази қиёфасига умуман мос эмас эди. Сўнгги тўрт ой ичида бозорда ҳужжатларда белгиланган меъёрлар бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда".
Тадбиркорлар норозилиги масаласига тўхталар экан, Рўзиева ҳокимият ходимлари тадбиркорларга вилоятда бўлаётган қурилиш ишлари ҳақида батафсил тушунтириш бермаган бўлиши мумкинлигини инкор этмади. "Ҳар бир тадбиркор қонун ҳимоясида. Уларнинг барчасига савдо жойларини ажратганмиз. Тадбиркорларни кўчага ташлаб қўйганимиз йўқ", — деди ҳокимият ходимаси.
Рўзиева шунингдек, шу кунларда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ташаббуси билан вилоят телевидениеси орқали жисмоний ва юридик шахслар, хусусан, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиши ҳақида эълон берилаётганини маълум қилди.
Аёлнинг сўзларига қараганда, бухороликлар билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотда ҳар бир мурожаатга вилоят ҳокими шахсан жавоб бериши кўзда тутилган.
Спутник таҳририятидан ёрдам сўраб хат йўллаган бухоролик тадбиркорларга шуни маълум қилмоқчимизки, вилоят ҳокимлиги сизларнинг мурожаатингизни қонунда белгиланган вақт ичида кўриб чиқиб, ёзма равишда ёхуд халқ билан бўладиган очиқ мулоқот давомида жавоб берилишини маълум қилди.