ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Бугун соат 8:40 да "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Боинг 787 Дримлайнер самолёти Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортидан Нью-Йоркка парвоз қилди. Бу ҳақда миллий авиакомпания матбуот хизмати хабар қилди.
Бу қўнишларсиз амалга оширилувчи илк рейс мамлакат фуқаролик авиацияси ҳаётидаги тарихий воқеа ҳамда миллий авиаташувчининг ривожидаги янги давр ҳисобланади.
Нью-Йоркка тўғридан-тўғри рейс 13 соат давом этади.
Парвозни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Парвозлар комплекси директори ўринбосари Сергей Ким, авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель, Boeing 787 парвоз отряди қўмондони Асаджон Турсунов, иккинчи учувчилар Рустам Қўрғонов ва Олимжон Узоқов таркибидаги экипажи амалга оширмоқда.
Нью-Йоркдан Тошкентга "орзу лайнери" экипажи ҳаво кемаси қўмондони Павел Моргачев, Boeing 787 парвоз отряди учувчи-инструктори Алексей Маркин ҳамда иккинчи учувчи Улуғбек Эшмуҳамедовлардан иборат бўлади.
Пойтахт аэропортида ушбу воқеа муносабати билан Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича биринчи қўнишларсиз парвозни амалга оширган Дримлайнерни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтади.