ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Ўзбекистон илк бор халқаро стандартлар даражасида фуқаролик авиацияси учувчиларини тайёрлай бошлайди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Тегишли ҳужжат шу кунларда республика Бош вазири Абдулла Арипов томонидан имзоланди.
Қарорга кўра, фуқаролик авиацияси учувчиларини тайёрлаш бўйича курслар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК «Ўқув-машғулот маркази» базасида ташкил этилади.
Ҳужжатда таъкидланишича, олий техник маълумотга эга авиация ходимлари ушбу курсларда иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига икки ой муддат ичида ўқув дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳақида топшириқ берилди.
Ўқув курс якунида тингловчиларга сертификатлар берилади.
Ўқув курсларни олиб бориш "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ўз маблағлар ҳисобидан, шунингдек қонун билан таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади
Эслатиб ўтамиз, олдинлари Ўзбекистон учувчилари Санкт-Петербург давлат фуқаролик авиация университетида назарий билимларини, амалий билимларни эса Тошкентдаги МАКнинг ўқув-машқ марказида олишган.
Бу ерда Boeing-757/767, А320 самолётлар учун замонавий тренажерлар ҳамда Ил-114-100 учун Full-flight парвоз қурилмалари мавжуд.