ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Айрим ёшларнинг ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетаётгани ва бу кўрсатгич йилдан-йилга ортиб бораётгани масаланинг моҳиятига тўлиқ етиб боролмаётганимизни кўрсатади, — деди ЎзА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисига кўра, айрим ёшлар хорижда ишлаш орқали ўз турмушини, оиласи ҳаётининг моддий фаровонлигини таъминлашни мақсад қилишади. Уй-жойга эга бўлиш, машина сотиб олиш, замонавий уй-рўзғор анжомлари, маиший техника, мебель жиҳозлари каби ҳаётий эҳтиёжларга ойлик маош билан эриш мушкуллигини рўкач қилишади.
Бу борада давлат кўрсатаётган ижтимоий ҳимоя тамойили, афсуски, ёшлар аудиториясини тўла қамраб ололмаган. Қолаверса, давлатнинг ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги айрим мансабдорларнинг айби билан ҳамма жойда бирдай холис ва адолатли бажарилмаяпти. Бундай нохолисликни кўрган қони қайноқ, таъсирчан ёшлар бир зумда ўз хулосасини чиқариб, бутун бир давлатни адолатсизликда айблайди. Сўнгра ўзича адолат ва моддий фаровонлик қидириб ўзга юртларга равона бўлади. У ерларда ўз шаъни, обрў-эътибори, ғурури, ҳатто ор-номуси топталиб, сарсон-саргардон бўлишини мулоҳаза қилиб ўтирмайди.
Ҳар бир ёш тақдирига алоҳида эътибор билан қараш, уларнинг муносиб шароитларда ўқиши, ишлаши учун барча зарур чораларни кўриш керак, деб таъкидлаган Қуронбоев. "Зотан, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшлар ҳар қандай муаммони ҳал этишга, энг мураккаб вазифаларни ҳам бажаришга қодир бўлади. Бундай ёшлар қийинчиликлардан чўчимайди — иродаси мустаҳкам, ҳар қандай шароитда ҳам элу юртга содиқ бўлиб қолаверади. Бизнинг бош вазифамиз ёшларимизни ана шу руҳда камолга етказишдир", — деб қўшимча қилган у.