ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Вилоят Матбуот уйида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси фаолиятига бағишланган анжуман ўтказилди, деб хабар қилди Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати.
МИБ бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Имомов журналистларга янги тизимнинг мақсад ва вазифалари, бугунги кунгача бажарилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
"Вилоятдаги жами штат бирликлари 800 нафардан ортиқ кишини, давлат ижрочилари 129 нафарни, назоратчилар эса 457 нафарни ташкил этади. Айни пайтда вилоятдаги 1300 нафардан ортиқ электр энергияси ва табиий газ таъминоти инспекторлари ўрнига бошқарма таркибидаги юқоридаги 457 нафар назоратчилар фаолият юритишади. Яъни, соҳага замонавий технологиялар киритилиши кенгайтирилиб, инсон омили камайгани ҳисобига штатлар уч бараварга қисқарди.
Бугунги кунгача вилоят бўйича барча қарздор истеъмолчиларнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларнинг 70 мингтасига ҳозиргача қарзни узиш бўйича талабнома юборилган. Тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган 422 та истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилган.