ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Тошкент шаҳаридаги иккита туман газ таъминоти корхоналари масъул ходимлари ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилган ҳолда мавжуд бўлмаган қарздорликларни аҳолига тақсимлаб беришган, деб хабар қилди Подробно.уз.
Тошкент шаҳар Юнусобод ва Шайхонтохур тумани газ таъминоти корхоналарининг қатор масъул ходимлари ўзларига тегишли қарзларни ёпиш мақсадида сунъий равишда қарздорликни келтириб чиқаришган. Етишмаган маблағларни эса ўз вақтида тўлаб келган фуқароларга тақсимлаб беришган.
"Аслида мавжуд бўлманган қарздорликларни улар турли хийла найрангалар билан базага киритишган. Масалан, бепарволик ва етарли даражада назорат қилинмаганлиги туфайли Юнусобод ва Шайхонтохур тумани газ таъминоти корхоналари масъул ходимлари томонидан амалга оширган ҳисоб китоблар натижасида қарийб 3,4 млрд сўм қарздорлик ҳосил бўлган. Ушбу қарздорликни қоплаш мақсадида маблағлар маҳалий аҳолига тақсимланган" — деб таъкидлади Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев.
Электр тармоқ корхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой филиали масъул ходимлари эса жиноий схема тузишган. Бунинг оқибатида 1 млрд сўмлик қарздорлик ҳосил бўлган. Ушбу қарздорлик 118 та жисмоний шахслар ўртасида тақсимланган. Қарздорликларни ундириш бўйича тегишли қарорлар қўзғатилган. Лекин ушбу қарорлар ижроси таъминланмади.
Оқолтин тумани электр тармоқ корхонаси раҳбари томонидан олдиндан 50 % тўлов амалга ошириш шартига риоя қилмаган ҳолда қарийб 286,6 млн сўмлик электр энергиясини 186 та юридик шахсларга етказиб берилган. Бунинг оқибатида 888 млн сўмлик қарздорлик ҳосил бўлган. Ушбу қарздорликни ундириш бўйича ўз вақтида зарур чоралар кўрилмаган.