ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати қарздорларни электр ва газ тармоқларидан узиш тартибини тасдиқлади, деб хабар қилди Подробно.уз.
Янги тартибга кўра, "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" корхоналари томонидан электр ва газдан фойдаланганлик учун қарздорлар рўйхати тайёрланади.
Ушбу рўйхат ҳар ойнинг 11-санасидан бошлаб ҳар куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюро (МИБ)га ягона идоралараро ахборот тизими орқали юборилади.
МИБ ушбу рўйхатлар асосида қарзни 5 кун муддат ичида тўлаб қўйиш ҳақида истеъмолчиларни огоҳлантиради. Огоҳлантириш хати юборилгандан сўнг 5 кун ўтган кунда МИБ томонидан қарздорликни мажбурий ундириш чоралари, яъни истеъмолчилар электр ва газ тармоқларидан узиш чоралари кўрилади.
Электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузган ёки тармоққа ноқонуний уланган истеъмолчиларга нисбатан чоралар зудлик билан кўрилади.
Электр ва газ тармоқларидан истеъмолчиларни узиш нуқталари МИБ ходимлари томонидан муҳрланиши орқали қатъий назоратга олинади.
Тармоқлардан узишда давлат инспектори томонидан икки нусхада далолатнома тузилади ва бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади.
Истеъмолчи далолатномани имзолашни истамаса, бу ҳақда тегишли ёзув қайд этилади. Бу икки гувоҳ томонидан тасдиқланиши зарур. Шу вақтнинг ўзида истеъмолчи далолатномада ўз тушунтириш ва эътирозларини ҳамда қўл қўйишни рад этиш важларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Электр ва газ тармоқлардан узилган исътемолчилар тўғрисида маълумотлар давлат инспектори томонидан ягона идоралараро электрон ахборот тизимига киритилади.
— электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликлар бартараф этилганда;
— электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарздорлик тўлиқ тўланганда;
— электр ва газ тармоқларига қайта улаш учун тўлов тўланган ҳолларда. Тўлов миқдори жисмоний шахс учун энг кам иш ҳақининг 2 баравари, юридик шахси учун энг кам иш ҳақининг 10 бараварни ташкил қилади.
Тармоққа қайта улаш МИБ ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш орқали амалга оширилади. Интернет орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Аниқланган камчиликлар бартараф этилгач, эртаси кун тармоққа қайта уланиш мумкин.
Бунда МИБ инспекторлари қоидабузарликлар ҳолатлари тўлиқ бартараф этилганини аниқлаш мақсадида уй жойни кўздан кечирадилар.
Тармоққа қайта улангач, икки нусхада далолатнома тузилади ва бир нусхаси истеъмолчига берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 июл санасидан Ўзбекистонда ҳар ойнинг 10—санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шартлиги тўғрисида янги тартиб-қоидалари жорий этилган эди.@