ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Газ ҳисоблагичлари аҳолига "Ўзтрансгаз" компанияси ҳисобидан кредитга берилади, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига компания вакили.
"Ҳозирги кунда буни амалга ошириш бўйича "Ўзтрансгаз"нинг ички буйруғи ишлаб чиқиляпти. Ушбу буйруқда газ ҳисоблагичларни ўрнатиш муддати ва тўлов нархи кўрсатилади. Газ ҳисоблагичлар марказлашган ҳолда компания томонидан ўрнатилади", деди компания вакили.
У шунингдек, аҳолига бу ҳақда огоҳлантириш юборилишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун ўзбек ОАВларида газ ҳисоблагичларини ўрнатмаган маиший истеъмолчилар учун икки баробар тўлов бекор қилингани хабар қилинган эди.
"Ўзтрансгаз" компанияси вакили 1 октябрдан кучга кириши керак бўлган қарорнинг мазкур банди ҳақиқатда бекор қилинганини тасдиқлади.
Шу тариқа, газ ҳисоблагичини ўрнатмаган маиший истеъмолчилар тўловни белгиланган тариф бўйича тўлашда давом этадилар.