ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг фарзандларидан бири — Зарина Раҳмон "Ориёнбанк" раиси ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар қилмоқда "Вечерний Бишкек" нашри.
23 яшар Зарина Раҳмон — Эмомали Раҳмоннинг олтинчи қизи, у Британиядаги коллежни тамомлаган.
2010 йилда Тожикистон Давлат телевидениесида янгиликлар бошловчиси сифатида фаолият юритган. Чет элда таълим олган Зарина икки ой давомида диктор бўлиб ишлаб, инглиз тилида хабар ўқиган.
2013 йилда Зарина Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизмати раҳбари Бег Сабурнинг ўғли Рамз Зухуров билан никоҳдан ўтган.
Озода Раҳмон 2016 йилдан бери президент маъмуриятини бошқариб келади. Турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев Тожикистон Миллий банки раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келади.
29 яшар Рустам Эмомали жорий йилда Душанбе мэри этиб тайинланган ва сал вақт ўтиб шаҳар мажлиси раиси этиб сайланган эди. Раҳмоннинг яна бир қизи — Руҳшона 2016 йилнинг ноябридан бери Тожикистон Ташқи ишлар вазири халқаро муносабатлар бошқармаси раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келади. Эмомали Раҳмоннинг етти куёви иқтисод ва молия соҳаларида лавозимларни эгаллаб келишади.