TOШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Ўзбекистонда "Эзгу мақсад" халқаро хайрия жамоат фонди ташкил этилади. Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги қарори президентнинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишни таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли гуруҳга кирадиган болалар, "Меҳрибонлик", "Мурувват", "Саховат" уйлари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбияланувчиларига ёрдам беришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш Фонднинг асосий вазифалари сирасига киради.
Фонднинг асосий маблағлари жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, хорижий фуқаролар ва ташкилотларнинг хайрия ёрдами ҳамда конун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.
Фонд Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари, хорижий фуқаролар ва ташкилотлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағларини жалб этиш ва жамлаш бўйича ишларни амалга оширади ҳамда улардан Фонд хайрия дастурларини амалга ошириш учун мақсадли фойдаланади.
Фондга истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Фонд хайрия дастурлари доирасида ҳисоб-китоблар ва тўловларни хорижий валютада амалга ошириш, Фонд хайрия дастурларини амалга ошириш учун жалб этиладиган хорижий фуқаролар — мутахассисларни меҳмонхона ва бошқа жойларда жойлаштириш хизматлари учун тўловларни миллий валютада тўлашга рухсат этилди.
Фонд солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан (Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар бундан мустасно) ва Фонд томонидан четдан келтириладиган товарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди.
Республикадаги қатор вазирлик ва идора ҳамда ташкилотларга Фонд хайрия дастурлари амалга оширилишини таъминлашда Фонд билан фаол ҳамкорлик килиш тавсия этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмокда.Давлат ижтимоий дастурларининг амалга оширилиши натижасида ўтган даврда аҳоли саломатлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди, оналар ўлими — 3,2, болалар ўлими — 3,4 баробар камайди, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 74 ёшгача, аёллар ўртасида эса 76 ёшгача узайди.