ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Ўзбекистон тарихидаги энг ёш вазир ўринбосари, 22 яшар Алишер Саъдуллаев халқаро пресс-клуб йиғилиши доирасида ўзининг ушбу лавозимга тайинланишини изоҳлади ва яқин келажакдаги режалари билан ўртоқлашди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Саъдуллаевнинг сўзларига кўра, у ишни мактабгача таълим масканларини ривожлантиришдан бошламоқчи. Ёш вазирнинг айтишича, айнан ушбу муассаса бола тарбиясида жуда катта рол ўйнайди.
"Бугунги кунда 5 миллиондан ортиқ инсон тақдири Халқ таълими вазирлиги фаолиятига боғлиқ, шулардан 1 миллиони — бу мактаб ўқувчилари, қолганлари — болалар боғчалари тарбияланувчиларидир.
Инсон дунёқараши айнан мактабгача таълим муассасаларида шаклланади, шу боис болалар боғчалари фаолиятида халқаро стандартларни жорий этишга эътибор қаратиш лозим. Бу узлуксиз тизим бўлиб, боланинг мактабдаги ўқиши муваффақиятли кечиши учун, у аввал бошданоқ боғчада яхши таълим олиши керак", — деб қайд этди Саъдуллаев.
"Бу ерда ота-оналар билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим. Шу боис, келажакда халқаро стандартларни боғчаларда жорий қилиш учун ҳозирданоқ мактабгача таълим тизимини синчковлик билан ўрганишга киришаман", — деди у.
Ёш амалдорнинг сўзларига кўра, у учун ҳозирда энг муҳими — бу аввало, Ўзбекистон президенти ишончини оқлаш, чунки ҳозир у қўяётган йўл орқали, келажакда давлат фаровонлиги учун хизмат қиладиган ўнлаб ёш кадрлар ҳокимиятга кириб келиши мумкин.