TOШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Июнь ойининг бошида Ўзбекистоннинг бир неча банклари жисмоний шахсларга шахсий автомобил сотиб олиш учун кредитлар бера бошлагани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Ушбу маслани ҳал қилиш учун Sputnik мухбири Асака банк ва Алоқа банкнинг Самарқанд бўлимига телефон қилди.
Банк ходими билан суҳбатда маълум бўлишича, Асака банкнинг Самарқанд бўлими айни дамда кредит беришни “техник сабабларга” кўра тўхтатган. Алоқа банк эса, автомобил сотиб олишга кредит беришга тайёр экан.
Банк ходимининг сўзларига кўра, агар биринчи тўлов автомобил нархининг 30 % бўлса, кредит ставкаси йилига 16% бўлади. 40% бўлган тақдирда, ставка миқдори —15 ни%, тўлов 50% дан кўп бўлса – йиллик фоиз миқдори 14 %ни ташкил қилади.
Хўш, Nexia 3 автомобили кредитга олиш учун қанчага тушади?
GM Uzbekistan саҳифасида Нексия 3 автомобилининг бошланғич нархи 66 млн сўм деб кўрсатилган. Шундан 30 %, ўртача 20 млн сўмни ташкил қилади. Демак биз банкдан 46 млн сўм кредит оламиз.
Банк кредит бериш муддати 3 йил бўлгани учун ушбу суммани 36 ойга бўламиз. Демак, биз ҳар ой банкка 1 277 777 сўм кредитнинг асосий суммасини қайтаришимиз керак бўлади.
Ундан ташқари банкка фоиз ставкасини ҳам қайтаришимиз керак бўлади. Фоиз ставкаси эса, кредит тўланган сари пасайиб боради. Биринчи ойда банкка 613 минг сўм фоиз тўласак, охирги ойда 17 минг тўлаймиз.
Шунинг учун, ҳар ой банкка тўлаш керак бўлган сумма ҳам ўзгариб боради. Биринчи ойда 1, 891 минг сўм тўлаш керак, 13 ойда тўлов миқдори 1, 686 минг сўмга тушади, 25 ойда эса — 1,482 мингни ташкил қилади.
Банк талабига кўра ойлик тўлов миқдори жисмоний шахс маошининг 85%и дан кўп бўлмаслиги керак. Демак, кредит олишни истаган шахс маоши 2 млн сўмдан кўп бўлиши керак.
Ундан ташқари, одатдагидек ҳужжатлар тўплами керак бўлади: паспорт, турар жойидан маълумотнома, иш жойидан охирги 12 ой давомида маоши кўрстилган маълумотнома ва автосалон билан тузилган шартнома керак бўлар экан.
Банкнинг охирги талаби, кредит олинган даврда автомобил тўлиқ суғурталанган бўлиши керак экан. Биз “Кафолат” АЖ саҳифасидан автомобил суғуртасиниг ўртача нархи йилига Марказий банк курси бўйича 20 $ эканини аниқладик. Демак яна 78 620 сўмга суғурта сотиб олиш керак бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Nexia 3 сотиб олиш учун 20 млн сўм нақд пул, 2 млн дан ортиқ расмий ойлик, ва бир неча оддий ҳужжат бўлса етар экан. Айтишга осон экан-у, йўл-йўлакай сув остидан харсанг тошлар чиқиб қолмаса бўлди…