Банк ходимлари уйма-уй юриб имтиёзли кредит таклиф этмоқда

Oбуна бўлиш
"Агробанк" ходимлари 813 аҳоли масканидаги 1,3 миллионга яқин хонадонга ташриф буюришни мақсад қилишган

ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Ўзбекистон банклари бугунги кундаги муҳим вазифалардан бирини бажаришга — аҳолига кенг миқёсда кредит бериш орқали тадбиркорликка жалб этишга киришишди, деб хабар беради Sputnik мухбири.

Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида йирик тижорат банклари раҳбарларига банклар ўз иш услубларини тубдан ўзгартиришлари лозимлигини таъкидлаганди. Давлат раҳбари молия муассасалари олдига аниқ вазифани қўйди — давлат банклари ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак.

Хусусан, мазкур вазифани бажариш учун мамлакатдаги йирик банклардан бири бўлмиш "Агробанк" ходимлари 813 аҳоли масканидаги 1,3 миллионга яқин хонадонга ташриф буюришни мақсад қилишган. Шу муносабат билан махсус бўлинма ҳам ташкил этилди. Банкнинг Қорақалпоғистон, вилоятлардаги бошқармалари ва 176 филиалида махсус бўлимлар очилди.

Асакабанк биноси - Sputnik Ўзбекистон
Банклар фуқароларга молиявий кўмак беради

Банк ходимлари хонадонларда бўлишиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳақида тушунчалар беришади, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш бўйича тадбирларни амалга оширишади. Бугунги кунда "Агробанк"нинг янги бошқарма ва бўлимларига 576 нафар малакали мутахассис ишга қабул қилинди. Бундан ташқари, дастурни самарали амалга ошириш мақсадида яна икки мингдан ортиқ тажрибали ходим жалб этилди.

"Кенг миқёсда малакали ходимларнинг жалб этилиши ўзининг дастлабки натижаларини бермоқда. Ходимларимиз 360 мингга яқин хонадонда бўлишиб, тадбиркорликни бошлаш учун ажратиладиган кредитлар, уларни бериш шартлари ҳақида кенг тушунча бердилар. Кредит олишга қизиққан фуқароларга намунавий бизнес-лойиҳалар таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳам ёрдам берамиз", — деди "Агробанк" вакили.

Суҳбатдошнинг айтишича, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш бўйича кенг тарқалган усуллардан яна бири хонадонларга махсус сўровнома юборилишидир. Мазкур усулдан мамлакатдаги деярли барча банклар фойдаланмоқда. Биргина "Агробанк"нинг ўзи 890 минг оилага ана шундай сўровномалар жўнатди.

Банк боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳаларда кредитлар таклиф этмоқда.

"Агробанк" 2016 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларига 294,7 миллиард сўм миқдорида кредит тақдим этди. Бундан чорвачиликка 14,9 миллиард сўм, паррандачиликка 856 миллион сўм, балиқчиликка 381 миллион сўм, теплицалар ташкил этишга 6,1 миллиард сўм ажратилди. Фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалик техникаси, агрегат ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш учун банк 109,9 миллиард сўм кредит маблағи йўналтирди. Аҳолининг истеъмол кредитлари 82,2 миллиард сўмни ташкил этди.

Янгиликлар лентаси
0