ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Учтепа туманига ташрифи чоғида Ватанпарвар маҳалласи ҳудудидаги "Ватанпарвар иноқ коммуналчи" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолияти билан танишди, деб хабар берди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
Ширкатнинг ўз маблағи ҳисобидан уч йил илгари уйнинг том қисми мукаммал таъмирланган, йўлакларга замонавий эшиклар ўрнатилган. Уй олдида қурилган автотураржой шу ерда яшовчи аҳолига бепул хизмат кўрсатади. Турли аттракционлар, ўйин қурилмалари билан жиҳозланган болалар майдончаси нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам баҳри дилини очади.
Мирзиёев хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Светлана Орлова билан ширкат фаолияти, кўп хонадонли турар жойларда аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
Ширкат ходимлари ва хонадон соҳибларининг қўл меҳнати билан обод масканга айланган бундай ширкатлар тажрибасини ўрганиш, уни бошқа туманларга ҳам кенг тарғиб этиш зарурлиги таъкидланди.
"Ишлайман, яратаман деган одамга кўп нарсанинг кераги йўқ, деди давлатимиз раҳбари. Оддий қўл меҳнати, кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан ўзи яшаётган ҳудудни шундай саранжом-саришта, файзли масканга айлантираётган юртдошларимиз кўпаяётгани бизни қувонтиради".
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.