Тошкентдан уй сотиб олиши шартлари ишлаб чиқилмоқда

Oбуна бўлиш
Тошкент шаҳар ИИБ Бошқармаси вилоятликларга Тошкентдан уй сотиб олишига рухсат бериш учун ўз таклифларини тайёрламоқда.

ТОШКЕНТ, 17 мар – Sputnik. Пойтахт ИИБ Бошқармаси вилоятликлар ва чет эл фуқаролари учун Тошкентдан уй сотиб олиш шартларини тайёрламоқда, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.

Тошкентдан уй сотиб олишни истаганлар учун янги талаблар киритилмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистонда амал қилаётган қонунларга кўра, Тошкентда рўйхатдан ўтмаган фуқаролар учун пойтахтдан уй сотиб олишнинг имкони йўқ.

Суҳбатдош айтишига қараганда, яқин келажакда вазият ўзгариши мумкин. Ўзбекистон раҳбари тасдиқлаган ривожланиш страгегиясига кўра чет эл фуқаролари ва бошқа вилоятда рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари Тошкентда қонуний равишда уй сотиб олишлари мумкин бўлади. Сотиб олинаётган уйлар янги фонддан бўлиши керак.  

Маҳаллий аҳоли учун бундай уйлар нархи энг кам иш ҳаққининг 2000 баробарига, чет эл фуқаролари учун эса уй нархи 100 минг долларга  тенг бўлиши керак.

“Ҳукумат тегишли муассасаларга сентябр ойининг охиригача бу борада ўз таклифларини ишлаб чиқиш ва  уларни вазирлар маҳкамасига юборишни талаб қилмоқда. У ерда таклифлар экспертлар томонидан таҳлил қилинади ва бошқа муассасалар таклифлари билан умумлаштирилади. Ҳукумат тасдиғидан ўтган чоралар ҳаётга тадбиқ этилиши мумкин”, — деди ИИББ вакили.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу қонун қабул қилинган ҳолда, у бир неча йилдан бери ривожланишдан тўхтаб қолган Тошкент бирламчи кўчмас мулк бозори учун туртки бўлади. Бугунги кунда Тошкентнинг кўплаб туманларида халқ орасида “банк уйлари” деб аталмиш ўнлаб янги иморатлар қурилган, лекин у ердаги хонадонлар бир неча йилдан бери сотилгани йўқ. Бунинг сабаби биринчидан “прописка” масаласи бўлса, иккинчидан уларнинг “ақл бовар қилмайдиган” нархидир.

Янгиликлар лентаси
0