ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси матбуот релизида билдирилишича, 14 июнь куни "24.kg" ахборот агентлигининг электрон порталида нашр мухбири Юлия Костенконинг "Қирғизистон ташқарисида 900 мингдан ортиқ этник қирғизлар яшайди" номли хабари чоп этилган.
Унда Қирғизистон омбудсмани Кубат Оторбаевнинг маърузасига таянган ҳолда давлат миграция хизматининг маълумотларига кўра Қирғизистондан ташқарида 900 мингдан ортиқ этник қирғизлар яшаши айтилади. Энг кўп этник қирғизлар эса Ўзбекистонда — 300 минг киши.
Хабарда "Ўзбекистон ҳамда Тожикистонда Қирғизистонга кўчиб ўтишни истайдиган қирғизлар кўпчиликни ташкил этади. Бунинг сабаби — уларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши: қирғиз тилида таълим берувчи мактабларнинг ёпилиши, уларни ишга олишдаги чекловлар" дейилган.
Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси матбуот хизмати Ўзбекистонга тегишли мазкур иддао ҳақиқатга мос келмаслигини, ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди. Ушбу хабар юқорида айтилган маълумотларни олдиндан текширмасдан тарқатилган ва буткул нохолис ҳисобланади.
Элчихона Ўзбекистонда барча фуқароларга, жумладан мамлакат ҳудудида истиқомат қилаётган қирғиз миллатига ҳам ғамхўрлик билан ёндашилгани, ёндашилаётгани ва бундан буён ҳам ғамхўрлик қилинишини билдирди.
Матбуот релизида айтилишича, Ўзбекистонда 6та маданий марказ мавжуд — Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё ва Тошкентда (1995 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган бу марказ Ўзбекистондаги қирғизларнинг маданий марказларини бирлаштиради).
Республика байналмилал маданий марказининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда қирғиз диаспорасининг икки вакили (Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги 27-мактаб ўқитувчиси У.Маматалиева ва Фарғона вилояти Фарғона туманидаги 25-мактаб ўқитувчиси Н.Халибаева) Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ўзбекистонда қирғиз тилида 56 мактаб мавжуд бўлиб, уларда 8 мингдан ортиқ бола таълим олади. Андижон давлат университетида "Она тили ва адабиёти: қирғиз тили ва адабиёти" бакалавриати мавжуд бўлиб, 2015/2016 ўқув йилида унга 75 нафар талаба қабул қилинган.
Элчихона Қирғизистон нашрларида бундан кейин бу тарздаги нохолис материаллар берилмаслигига умид билдирган.