ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Ўзбекистонда уч нафар экстремист устидан суд ҳукми ўқилди. Улар республика ҳудудида шариат қонунлари асосида яшовчи теократик асосда тузилган давлатни қуришни режалаштирган.
Ўзбекистонликлар интернет тармоғида "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" террорчилик ташкилоти асосчиси Тоҳир Йўлдошев ва бошқа таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотлар раҳбарларига тегишли ташвиқот материалларини ўрганиб, юклаб олганлар. Улар шунингдек, "Одноклассники" ижтимоий тармоғида бир нечта сохта аккаунтларни рўйхатдан ўтказган ва улар орқали диний экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи ҳамда радикал Ислом қонунлари асосида яшашга чақирувчи материалларни жойлаганлар.
"МХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бу шахслар томонидан содир этилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг олди олинди. Экспертлар хулосасига кўра, олиб қўйилган материаллар диний фундаментализм ғояларини ўз ичига сингдирган, жамоатчилик хавфсизлигига раҳна солган ва Ўзбекистонда ҳалифатлик барпо этишга қаратилган бўлган", — деб таъкидлади суд инстанцияси вакили.
Суд Ҳасан Абсаламовни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг укаси Ҳусан Абсаламов ва шериклари Темурбек Ахматовлар ҳар бири 5 йилдан қамоқ жазосига маҳкум этилдилар.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.