ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва "UZINFOCOM" Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ДУК ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзолади. Бу ҳақда UZINFOCOM матбуот маркази хабар қилди.
Меморандум доирасида томонлар ахборот технологиялари соҳасидаги корхоналар учун кадрлар тайёрлашни кўзда тутишган.
Бундан ташқари, томонлар ахборот технологиялари тармоғининг ривожланишига кўмаклашадиган инновацион ишланмалар ва сервислар соҳасида турли танлов ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш орқали ҳамкорликдаги ташаббусларни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқадилар.
IUT ва "UZINFOCOM" Маркази университет талабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган технологик стартапларни қўллаб-қувватлашади.
Томонлар дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш, кейинчалик янада такомиллаштириш бўйича Марказ ташкил этишни режалаштиришмоқда. Мазкур Марказ ўз фаолиятини IUT ҳудудида олиб боради ҳамда Ўзбекистонда IT-саноатини ривожлантириш ва тарғиб этишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга IUT талабаларини жалб этади.
Марказ шунингдек, IUT талабалари ҳамда "UZINFOCOM" Маркази мутахассисларидан ташкил топган жамоа томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар орқали талабаларга амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун имконият тақдим этади.
Меморандум доирасида IUT талабалари "UZINFOCOM" Марказида малака ошириш ҳамда амалий билим олиш имконига эга бўлишади.
Шунингдек, IUT ва "UZINFOCOM" Маркази республика ҳамда халқаро грантлар дастурида ҳамкорликда иштирок этиб, тижорат лойиҳаларини амалга оширишади.