ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Тайинли яшаш жойи бўлмаган шахс автосервис қулфини бузиб кириб ўғирлик содир этган ҳамда Chevrolet Malibu автомобилини олиб қочган, деб ёзади nuz.uz.
Ярим тунга яқин 30 ёшли Александр Сорин Юнусобод туманидаги Осиё кўчасида жойлашган автосервис қулфини бузиб ичкарига киради. У нархи 700 минг сўмлик компрессор, 400 минг сўмлик силлиқлаш мосламаси, 80 минг сўмлик Bosh электр пармаси, 500 минг сўмлик Blackberry уяли телефони, 250 минг сўмлик Uzmobile телефони, умумий нархи 1,7 млн сўм турадиган иккита калитни олиб кетишни мақсад қилади.
"Сорин ҳамма буюмларни бир жойга тўплайди, лекин уларнинг ҳаммасини кўтариб олиб кетишга кучи етмайди. Шунда унинг кўзи оппоқ Malibuга тушади. У барча буюмларни машинага юклайди, автосервисдан чиқиб Амир Темур шоҳкўчаси бўйлаб йўлга тушади", — деди Юнусобод тумани ИИБ тергов бўлими катта терговчиси Виктория Тожибаева.
"Минор" метро бекати яқинида машинага яна уч нафар тайинли уй-жойи йўқ шахслар ўтиришади. Улар айтишларича, илгари Сорин билан таниш бўлишмаган.
"Биз кўчада кетаётгандик, олдимизга машина келиб тўхтади. Ҳайдовчи бизни элтиб қўйишни таклиф қилди. Биз ўтирдик, лекин дарров ундан машина кимлигини сўрай бошладик, чунки у машина эгасига ўхшамасди", — дейишди Chevrolet Malibu йўловчилари тергов жараёнида.
Сўнгра Сорин улар билан бирга "Бодомзор" метро бекати ҳудудида яшайдиган танишиникига боради ва ўғирлаган буюмларини гаров эвазига ташлаб ундан қарз олади. Сўнгра "қоронғида топишганлар" Malibuда шаҳар бўйлаб сайрга чиқишади.
Бироқ "Уч қаҳрамон"даги айлана йўлда ҳайдовчи машинани бетон тўсиқларга ишқалаб ўтади, натижада автомобилнинг диск ва шиналарига зарар етади. Бурилишда уни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўхтатишади ва Сориндан ҳужжат кўрсатишини сўрашади. Шундан сўнг ҳайдовчи ва унинг йўловчилари автомобиль билан бирга Юнусобод тумани ИИБга келтирилади.
Сорин айбига иқрор бўлди. У ўзини оқлар экан, Malibuни кўрганидан сўнг уни миниб кўргиси келганини, шунинг учун олиб қочганини айтди.
Автосервис эгаси Акмал Латипов ва автомашина эгаси Азиз Мирҳайдаровнинг айтишича, Malibu автосервисда полировка қилиш учун қолдирилган бўлган. Машина олиб қочилганидан сўнг унинг баллон ва дискларига зарар етган, бамперида эса кичик ёриқ пайдо бўлган.
Юнусобод тумани ИИБ тергов бўлими ходимлари иш юзасидан ҳужжатларни судга топширишди. Айбдорлар тегишли жазога тортилдилар.
Барча исм-фамилиялар ўзгартирилган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.