ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилади. Шавкат Мирзиёев бу ҳақда Сардоба сув омбори билан танишуви чоғида маълум қилди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.
"Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин. Сардоба сув омбори ҳудуддаги деҳқон ва фермерларга бу борада катта имкониятлар яратади", деган Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ушбу мамлакат билан ҳамкорликда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилади.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатда муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани, гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилиши режалаштирилаётганини таъкидлади.
Сув омбори атрофида дам олиш зонаси ташкил этилади.
"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси" унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган балиқчилик мажмуаси инкубацион цех, интенсив ҳовузлар, балиқни қайта ишлаш заводи, маҳсулотларни сақловчи музлаткични ўз ичига олади. Балиқ учун омихта ем ҳам шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналарда 150 иш ўрни яратилади. Мажмуа "Ипотека-банк" билан ҳамкорликда ташкил этилаётган "Сирдарё балиқ саноат" корхонаси учун асосий база бўлиб хизмат қилади.
Мирзаобод туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплексида зотдор қорамоллар кўпайтириш орқали аҳолига гўшт ва сут етказиб бериш йўлга қўйилади. 100 иш ўрни яратилади.
Ушбу тумандаги яна бир корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 3 минг 500 тонна сут қайта ишланиб, кенг турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва қадоқланади. 25 кишининг бандлиги таъминланади.
Тармоқдаги корхоналарни омихта ем билан таъминлаш мақсадида шу йўналишда корхона ташкил этиш мўлжалланган. 3 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариладиган корхонада 25 иш ўрни яратилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.