ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Машҳур даниялик архитектор Тошкентга ташриф буюрди, деб хабар қилди Тошкент ҳокимлиги матбуот-хизмати.
Дастурга кўра, шаҳар жамоат майдонларини лойиҳалаштириш ва шаҳардаги муҳитни яхшилаш масалалари бўйича тан олинган эксперт Ян Гейл Тошкент шаҳри меъморчилигини кўздан кечириши ва ўзининг қимматли маслаҳатлари билан ўртоқлашиши, Симпозиумлар саройида "Замонавий жаҳон меъморчилиги" мавзусида семинар-тренинг ўтказиши белгиланган.
Архитектор шунингдек, Самарқандга ташриф буюриб, шаҳардаги диққатга сазовор жойлар билан танишади.
Ян Гейлнинг 50 йиллик тадқиқотлари натижасида мавжуд шаҳар ва ҳудудларда мафтункор, гавжум ва аҳоли учун соғлом жамоат ҳудудини яратиш имконияти юзага келган. Профессор Нью Йорк, Копенгаген, Сидней, Лондон, Мельбурн каби йирик шаҳарларнинг ободончилигига кўча ва жамоат жойларини лойиҳалашга қўшган ҳиссаси учун кўплаб мукофотлар соҳиби бўлган.
2007 йилда Нью Йоркнинг Транспорт департаменти Ян Гейл билан ҳамкорликда пиёдалар ва велосипедистлар учун қулайликлар яратиш борасида фаолият олиб борган.
Гейл Нью Йорк, Лондон ва Москва шаҳарларида жамоат жойларини аҳоли учун қулайлаштириш юзасидан ўз тавсияларини ишлаб чиққан.
2015 йилда Ян Гейлни шаҳар маъмурияти Олмаота шаҳрининг қиёфасини тубдан ўзгартириш учун таклиф қилган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.