ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимиятини Тўйтепага кўчириб, шаҳарни янгидан қуришини айтди, деб хабар қилмоқда Қалампир нашри.
Хабарда таъкидланишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги Тўйтепа шаҳрига кўчирилади. Бу ҳақда Мирзиёев 15 декабрь куни Тошкент вилоятида ўтказилган Халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши давомида маълум қилган.
"Тошкент вилояти ҳокимлигини Тўйтепа шаҳрига кўчирамиз. Тўйтепани янгидан қурамиз. Тошкент билан Тўйтепа орасини беш ва уч қаватли уйлар қуриб, қўшамиз. Келгусида катта тезликдаги автомобиль йўли қурамиз. Тошкентга бориш-келиш учун халқимиз қийналмаслиги керак. Тўйтепа марказга айлантирилади", деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти ўз нутқида.
Таъкидланишича, 3-4 йилда Тўйтепага Тошкент вилояти ҳокимлиги кўчирилиши муносабати билан шаҳар катта марказга айлантирилади.