TOШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Фармон матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида келтирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси негизида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлинмаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил қилинади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб ўрмон хўжалиги соҳасида ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш, ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш белгиланди.
Қўмита шунингдек, ўрмон фонди ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқаришни ташкил этиш, ўрмон барпо этиш, уларни қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш, ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишлари бажарилишини ташкил қилиш билан ҳам шуғулланади.
Ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон қонунчилиги бузилишларидан муҳофаза қилиш, ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш, кўчат етиштириш, доривор ўсимликлар тўплаш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳам қўмитанинг вазифаларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тасдиқланади ва лавозимдан озод этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликларига ҳисобот беради.
Шу билан бирга фармонга кўра, манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.