ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 18 апрель куни "Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштирилган корхоналар ва рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари бўйича муттасил янгиланиб турувчи маълумотлар базасини ҳамда хусусийлаштирилган обектлар реестрини, шунингдек, давлат активлари реестрини шакллантириш;
хусусийлаштирилган корхоналар фаолияти молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда доимий асосда таҳлил қилиб бориш, бунинг асосида фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш ётган ва самарасиз фойдаланилаётган обектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш;
илгари хусусийлаштирилган корхоналар самарадорлигининг пастлиги ҳамда ишламаётганлиги сабаблари ва омилларини, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш ётган ва қурилиши тугалланмаган обектларни аниқлаш;
Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хусусийлаштирилган обектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга бизнес юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа фанларни касб-ҳунар коллежлари базасида ўтказиладиган курсларда ўқитишни ташкил қилиш, бунда тажриба алмашиш учун республикамизда ишлаётган катта муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб этиш;
давлат активларини бошқариш, давлат улушига эга бўлган хўжалик жамиятлари фаолиятини мониторинг қилиш ва таҳлил этиш, уларда корпоратив бошқарувнинг замонавий ҳалқаро стандартлари ва методларини жорий этиш, шунингдек, давлат активларини хусусий мулкдорларга, шу жумладан, "нол" харид қиймати бўйича сотишнинг очиқ-ойдинлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш;
монополияга қарши сиёсатни амалга ошириш, рақобатни ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, баҳолаш, риэлторлик ва биржа фаолиятини лицензиялаш, реклама бозорини тартибга солиш;
Фармонда таъкидланишича, янги қўмитанинг энг муҳим вазифаси хусусийлаштирилган корхоналарни тиклаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш ҳамда шу асосда янги иш ўринларини яратишдир.