ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. 2017 йилнинг 31-март ҳолатига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Facebook"даги саҳифаси 45 мамлакатдан 10 727 фойдаланувчига "ёқди" ("лайк"), деб ахборот берди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
ТИВнинг "YouTube"даги канали обуначилари эса 790 тага етганлиги қайд этилган.
Ўзбекистон ТИВ қандай вазифаларни амалга оширди?
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2017-йил I чорагида Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, хорижий мамлакатлар ва нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ўзига юклатилган вазифалар асосида фаолият олиб борди, дейилади ТИВ ахборотида.
Мирзиёев сафарлари ва хориж делегациялари ташрифи
ТИВ ахборотида шунингдек, Ўзбекистон президентининг Туркманистон (2017-йил 6-7-март) ва Қозоғистонга (2017-йил 22-23-март), қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг яқин ва узоқ хориж давлатларига ташрифлари бўлиб ўтганлиги қайд этилган.
БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари П. Драганов, БМТ бош котиби ёрдамчиси М. Енча Жаҳон банки вице-президенти С. Мюллер, Осиё тараққиёт банки раҳбари Т. Накао, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти С. Чакрабарти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори М. Линкнинг ташрифи ташкиллаштирилган.
Бундан ташқари, Чехия, Япония ва бошқа давлатларнинг парламент делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Рақамлар…
2017 йилнинг I чорагида ТИВ Консуллик бошқармаси ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистонга кириш визасини чет эл фуқароларига бериш, биометрик паспортни алмаштириш/бериш, Ватанга қайтиш сертификатини бериш, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш, фуқаролик ҳолатини қайд этиш, нотариал хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ жами 79 139та консуллик амаллари бажарилган.
Энг кўп консуллик амаллари қайд этилган Ўзбекистон Республикаси элчихоналари қуйидаги давлатлар:
Тожикистонда – 14191 та, Россияда – 7561 та, Қозоғистонда – 5633 та, Германияда – 3714 та, Ҳиндистонда – 3435 та, Жанубий Кореяда – 3369 ва Туркманистонда – 3215 та.
Бизнесменлардан кўра туристлар кўпроқ келган
2017-йилнинг январ-март давомида 52 224 та хориж фуқароларига кириш визаси берилди, шундан 19 197 та виза туристларга, 8613 та виза бизнесменларга расмийлаштирилди.
2016-йилнинг шу даври мобайнида берилган кириш визаларининг умумий сони (49 409) 6 %га, туристик визалар (17 077) 13%га ошди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.