ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Уч ойлик гўдак фарзанди билан Москвадаги сайлгоҳларни бирида жойлашган вагончада яшаётган Гулсаной (асли исми Гулшода) шу ҳафтада ватанига қайтади. Бугун аёл Sputnik Ўзбекистон мухбири ёрдами билан Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида ўғлини Россиядан олиб чиқиб кетиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни расмийлаштирди. Энди фақат чипта сотиб олиш қолди, холос.
Гулсанойнинг бошига тушган мушкулликларга "баттар бўл", деб эмас, ачиниш билан қараганлар, ишонувчанлиги оқибатида мана шундай танг аҳволда қолаётган ватандошларига ёрдам қўлини чўзганлар топилди. Айнан ана шундай инсонлар ижтимоий тармоққа Гулсанойнинг қисмати ҳақида ёзгач, Sputnik Ўзбекистон мухбирлари аёл яшаётган вагончани топиб боришга муваффақ бўлишган эди.
Sputnik Ўзбекистон мухбирлари Гулсанойга у Россиядан фарзанди билан бирга чиқиб кетиши учун зарур бўлган йўл-йўриқларни кўрсатишди. Ва бугун Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига у билан ҳамроҳликда бориб, аёл ҳужжатларни расмийлаштиргунга қадар, унинг ўғлига қарашиб туришди. Элчихона ходимлари (уларга алоҳида миннатдорчилик билдириш лозим) қисқа фурсат ичида аёлга ҳужжатларни тайёрлаб беришди.
Бу воқеада жавобсиз қолаётган саволлар кўп. Аммо "Эркакларга ўзи нима бўляпти?", "Нега кейинги пайтларда аёллар орасида бундай ҳодисалар кўп такрорланяпти?", деган саволлар жуда кўп берилди…
Кимдир Гулсанойнинг қисматига ачиниш билан қаради, кимдир мийиғида кулди…
Аёлларнинг ҳуқуқий саводсизлиги натижасими бу? Ёки ота-онадан, улар берган таълим-тарбиядан излаш керакми айбни? Бу саволларга, биз афсуски, жавоб бера олмаймиз.
Гулсанойга ҳамда у қатори хорижга пул топиш учун интилаётган аёл-қизларга фақат битта ўтинчим бор: опа-сингилларим, ўзингизни эплаб юришингизга ишонсангизгина, чет элга сафарга чиқинг.
Москва кўз ёшларга ишонмайди!