Фавворалар Темурийлар даврида урф бўлганида, Европа халқлари учун бу янгилик бўлган

© Flikcr / Giorgio MontersinoЎзбек ҳарбийлари фаввора олдида
Ўзбек ҳарбийлари фаввора олдида - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Куни кеча Ўзбекистон бўйлаб "Фавворалар сайли" тадбири ўтказилди. Кимдир учун бу янгилик бўлди, яна кимдир "Гарчи қишлоғимизда фаввора бўлмаса ҳам ишлоқдошларимни "Фавворалар куни" билан табриклайман", деб фикр билдирди. Энди эса мозийга қайтамиз. Темурийлар даврида фавворалар урф бўлганида, Европа халқлари учун бу янгилик бўлганини биласизми?

ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида анъанавий "Фавворалар сайли" юртдошларимизга ўзгача кайфият бағишламоқда, деб ёзади "Жаҳон" АА.

Тошкентда шаҳарликлар ором олишлари учун бир нечта хиёбонлар қурилади
Нашр қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014-йил 23-апрелдаги "Тошкент шаҳрида "Фавворалар сайли" ёшлар оммавий-маданий тадбирларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган мазкур тадбир Ўзбекистон халқига, айниқса, ёшларга ғоят манзур бўлмоқда.

Халқимиз доимо гўзалликка интилиб келган. Донишмандлардан бири дебдики, кўркамликдан завқланган инсон ўзгаларга ҳам яхшилик илингиси келади. Яхшилик истаган эл мўжизалар яратишга қодир. Хиёбонда чопқиллаб юрган қизалоқнинг қўнғироқдек овози эътиборимни тортди. "Ойижон, анави фавворани қаранг, суви оппоқ мунчоққа ўхшаб сочилар экан-а!". У онасини тинимсиз саволга тутарди. "Шунақа фавворалар яна қаерда бор? Бу сувларни ким тепага чиқаради, сизнинг, бувимнинг кичкиналикларингизда ҳам улар бор эдими? " Қизалоқнинг бийрон-бийрон саволлари бизни ҳам қизиқтириб қўйди.

Келинг тарихга бир назар ташлайлик:

Амир Темур ҳайкали - Sputnik Ўзбекистон
Амир Темур ҳақида Венеция архивидаги ҳалигача чоп этилмаган сирли маълумотлар
Испания элчиси Клавихо 1404-йилнинг сентябр-ноябр ойларида Амир Темурнинг Дилкушо боғида бўлганида беҳад ҳайратга тушган. Чунки бу ерда усталик билан қурилган фаввораларни у ҳеч қаерда учратмаган эди. Кейинчалик у ўз таассуротларини қуйидагича баён этган: "Подшоҳ махсус қурилган баланд ўриндиқда ўлтирар ва унинг олдида суви тепага отилиб турган фаввора бўлиб, унда қизил олмалар қалқиб турарди…"

"Клавихо бежизга ажабланмаган, — дейди Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими Ўткир Алимов. — XIV-XV асрларда юртимизда урф бўлган фавворалар ҳали Европа халқлари учун нотаниш эди. Қадимий фаввораларни Алишер Навоий асарлари ва "Бобурнома"га ишланган миниатюраларда ҳам кўриш мумкин. Ўз даврида фавворалар ёйсимон, тўртбурчак шаклларда бўлиб, анвойи гуллар уларга янада кўркамлик бахш этган. Махсус тайёрланган сопол қувурлар орқали келиб, отилиб чиққан сув ҳовузчаларга тушиб, яна ёпиқ ариқлар орқали чиқиб кетган. Мураккаб муҳандислик-қурилиш ечими асосида бунйод этиладиган фавворалар аждодларимизнинг бунйодкорлик салоҳияти, меъморчилик санъати нақадар юксак бўлганлигидан далолат.

Meydan One Mall прототипи - Sputnik Ўзбекистон
Дубайда дунёдаги энг катта рақс тушадиган фаввора очилмоқда
Халқимизнинг бу борадаги юксак бунёдкорлик салоҳияти бугун ҳам дунё эътиборини тортиб келмоқда. Мустақиллик йилларида пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари бунга мисолдир. Тошкент нафақат қадимий обидалари, кенг ва равон кўчалари, маҳобатли кўприклари ва муҳташам бинолари, балки гўзал фавворалари билан ҳам минтақамизда етакчи ўринда туради. Шаҳар кўркига-кўрк қўшиб турган юзлаб фавворалар нафақат одамлар баҳри-дилини очишга, балки микроиқлим яратиб, мўтадил ҳавони таъминлашга хизмат қилади.

Маданият вазирлиги, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маънавият тарғибот маркази ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган анъанавий фавворалар сайли ёшларга ана шундай қувончли дақиқалар улашди.

Унда санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, сўз усталари, кино ҳамда театр актёрлари ўз дастурлари билан қатнашди. Ёш шоирларнинг мушоиралари, "Баркамол авлод" болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси, китоб савдолари, "Камолот" фаолларининг турли танлов ва викториналари уюштирилди.

…Мустақиллик майдони. Бу муқаддас маскан бетакрор меъморий ечими, мазмун моҳияти, кўрку таровати билан қалбимизда чексиз фахр ва ғурур уйғотади. Улкан бунйодкорлик асосида барпо этилган майдон олдидаги фавворалар ҳам ўзгача жозибали. Хотира майдони туташган ердаги узунлиги 88, эни 36 метрлик фавворада ўрнатилган сув пуркагичлар ва чироқлар етти хил рангда ёғду таратади.

Юртдошларимизнинг таассуротлари билан қизиқдик.

— Дугоналарим билан бир неча байрам тадбирларини кузатдик, — дейди Юнусобод туманидаги 26-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Сабрина Исмоилова. — Тошкент давлат иқтисодиёт университети фаввораси ёнида ташкил этилган концертни томоша қилдик. Энди Мустақиллик майдонини, ундаги фаввораларни сайр қилиб, ажиб манзаралардан баҳри дилимиз очилди, кайфиятимиз кўтарилди. Мен тасвирий санъат йўналишидаги кўплаб танловларда иштирок этганман. Апрел ойида ўтказилган "Мўжизалар мамлакати" халқаро танловида тасвирий санъат йўналиши бўйича биринчи ўринга сазовор бўлдим. Ҳозир "Тошкентда бир кун" манзарасини чизмоқдаман.

— Бундай ажойиб байрамлар юртимиздаги тинчлик ва осойишталик туфайлидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳтабар Ҳусанова. — Тинчлик ҳукмрон жойда ривожланиш, юксалиш бўлади. Одамлар эзгу ниятларини рўёбини, фарзандлари камолини кўриб, тақдиридан рози бўлиб яшайди. Бу сайл Ватанга дахлдорлик ҳисси билан яшаётган инсонларнинг ҳеч бирини бефарқ қолдирмайди.

…Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри рўпарасидаги мусиқали фаввора мафтункорлиги ва ўзига хослиги билан кўпчиликка қувонч бағишлади.

— Қалбларда жўшқин хисларни уйғотувчи мусиқаларга ҳамоҳанг ҳаракатланувчи, камалак рангида ажиб манзара касб этиб турган фавворалар менга жуда ёқади, — дейди мирободлик Вика Юшкова.

— Унда навқирон ёшлик шиддатини, гўдакнинг беғубор кулгусию, ҳаётнинг қувноқ ҳазилларини кўргандек бўламан. Ахир, дурдек сочилиб, жилваланиб турган мусаффо сув ҳар бир инсоннинг қалбига эзгулик, гўзаллик, хотиржамлик улашади. Мана шундай сайилгоҳлар, дам олиш масканлари барпо этилаётгани юртимизда биз, ёшларнинг баркамол ўсиб-улғайишимиз учун яратиб берилаётган шароитлардан бир кўринишдир.

Бугун Ўзбекистонда "Фавворалар куни" нишонланади
"Фавворалар сайли" ёшлар оммавий-маданий тадбирлари Симпозиумлар саройи, "Истиқлол" санъат саройи, олий ўқув юртлари олдидаги, маданият ва истироҳат боғларидаги фавворалар олдида ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, "Болажон" маданият ва истироҳат боғида жажжи болакайлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шароит яратилган бўлса, "Локомотив" маданият ва истироҳат боғига келганлар ҳам ўзига хос видеомусиқали фаввора олдида ташкил этилган томошадан баҳраманд бўлди.

Аслида бу сайл президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ёшлар ўртасида ўтказилаётган мулоқотнинг бир кўриниши десак, янглишмаймиз.

— Тошкентдаги дастлабки фаввора 1890-йилда қурилгани, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри билан бирга бунйод этилгани ҳақида тарих китобларида ўқиганман, — дейди Учтепа тумани миллий ҳунармандлик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Марҳабо Саъдуллаева. — Мафтункорлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб турган ушбу фавворалар Тошкентимиз қиёфасига ўзгача файз ва ажиб чирой бағишлайди.

Мустақиллик йилларида қурилган рангли, мусиқали фаввораларни тасвирлашга сўз ожиз. Пойтахтдаги фаввораларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар шакл ва мазмунан бир-бирини такрорламайди: бири гулга бурканган серфайз дарахтни, бири она сайёрамизни, бири улкан нилуфар гулни эслатса, яна бири маҳобатли шаршаралар каби кўзларни сеҳрлайди, яна бири эса кўкда парвоз этаётган оққушларни эслатади.

Фаввора барпо этишнинг кўп асрлик анъаналари мазмунан янада бойитилди. Замонавий илм-фан тараққиёти туфайли анъанавий фавворалар ўрнини ранг-баранг чироқлар билан жиҳозланган ва мусиқали фавворалар эгаллади. Бундай фаввораларда сув шунчаки босим билан отилмайди, балки дастур ёрдамида сув оқими, чироқлар ва мусиқа уйғунлашиб, фусункор манзара ҳосил қилади.

Чироқлар фаввораларнинг гўзаллигини намоён этади, ғаройиб тарзда уларни ўзгартиради ва кечки пайт янада ажойиб кўриниш олади.

ГУМда тарвуз-қовунли фаввора ишга тушди - Sputnik Ўзбекистон
ГУМда тарвуз-қовунли фаввора ишга тушди
Фавворалар сайлида хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этиб, завқланди.

— Одамларингиз юзидаги яхши кайфият, кўтаринкилик мамлакатингиздаги хотиржамлик, фаровонликни яққол ифодалайди, — дейди Хитой Тайпейидан келган сайёҳ Ву Ненг Чуан. — Ўзбекистоннинг бой мероси билан интернет орқали батафсил танишгач, ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўришга қарор қилдик. Пойтахтингиздаги тарихий ва замонавий обидаларни томоша қилиб, олам-олам таассуротга эга бўлдик.

Самарқандда ҳам фавворалар байрами кўтаринки кайфиятда ўтди.

— Кейинги йилларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Самарқанд шаҳрида жуда кенг миқёсда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, — дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Самарқанд вилояти бўлими раиси Ўткир Усмонов.

— Ўндан ортиқ янги боғ ва хиёбонлар, маданият масканлари ташкил этилди. Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, Университет хиёбони, Кўксарой ва Театр майдонлари, Шоирлар боғи реконструкция қилинди. Ушбу масканларда замонавий мусиқали ва нурли фавворалар бунйод этилди. Кишига ўзгача завқ берадиган ва инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатадиган бу фавворалар атрофи бугун доим одамлар билан гавжум.

— Ҳар оқшом Амир Темур хиёбонига чиқиб, фавворалар атрофида сайр қиламиз, — дейди Сожида Қосимова. — Бу ердаги турфа хил дарахтлар, яшил майсазор ва гулзорларни кўриб баҳри дилимиз очилади. Бугунги тадбирлардан ҳам барчамиз бир олам завқ олдик. Илоҳим, юртимиз осмони доим мусаффо бўлиб, ҳар бир кунимиз байрам бўлсин.

Тадбирлар ўтказилган масканларда архитектор ва тарихчи олимлар, тиббиёт ходимлари фаввораларнинг тарихи, инсон саломатлигига фойдаси ҳақида гапириб берди. Ижодкорлар баҳор, гўзаллик ва табиат мадҳ этилган шеърларидан намуналар ўқиди.

Фавворалар сайли шу кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган хорижлик сайёҳлар учун кутилмаган совға бўлди.

Meydan One Mall прототипи - Sputnik Ўзбекистон
Дубайда дунёдаги энг катта рақс тушадиган фаввора очилмоқда
- Самарқанднинг сўлим боғ ва хиёбонларидаги гўзал манзаралар, мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиб юрибман, — дейди германиялик сайёҳ Вилфред Рунсер. — Жуда тоза ва чиройли шаҳар экан. Фавворалар байрами бизни ҳайратга солди. Аҳоли, ёшлар билан рақсга тушиб, мароқли ҳордиқ чиқардик. Намойиш этилган концертлар, миллий спорт ўйинлари ҳам менга ёқди. Келгуси йил май ойида Самарқандга яна келаман.

Фавворалар нафақат боғлар ва хиёбонларга файз улашади, балки ҳудуддаги осуда ҳаётнинг ўзига хос рамзи ҳамдир. Осмонга сув пуркаб турган фаввораларга бой боғлар борки, кўнгиллар хотиржам, юрт осойишта. Зеро, тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатдагина кенг кўламли бунйодкорлик ишларини амалга ошириш мумкин.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0