Тошкентда шаҳарликлар ором олишлари учун бир нечта хиёбонлар қурилади

Oбуна бўлиш
Ҳокимнинг сўзларига қараганда, хиёбонларни барпо этиш устида иш ҳозирдан бошланади ва келгуси йил октябригача давом этади. Қурилиш "ҳомийлари" эса хусусий тадбиркорлар бўлиши айтилмоқда.

ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яқин ойлар ичида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун бир нечта замонавий хиёбонлар барпо этилади, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига туман ҳокими Шомансур Аҳмедов.

Ҳокимнинг айтишича, айни вақтда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида тўртта йирик истироҳат ва маданият боғлари фаолият юритмоқда. Улар орасида энг замонавийси эса яқинда очилган "Локомотив" ҳисобланади.

"Аммо булар ҳам камлик қиляпти. Сабаби, кўплаб оилалар турли сабабларга кўра (транспорт чаплиги, вақт танқислиги, аттракционлар нархи ва ҳ.к сабаблар туфайли) бу паркларга бора олмайди.

Шу боис, туманимизнинг бир нечта жойларида хиёбонлар қуришга қарор қилдик, токи ҳар бир оила ўз вақтини транспорт муаммосига сарфламай ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлсин. Шу кечаю-ундузда қўлимизда Қорасув-1 ва Югнакий массивларида барпо этиладиган хиёбонлар лойиҳаси бор", — деб таъкидлади туман маъмурияти раҳбари.

Қорасув-1 массивидаги хиёбон "Дунё" ресторани ёнида жойлашади. Хабарга мувофиқ, унинг майдони 1 гектарга яқин бўлиб, давомийлиги 800 метрни ташкил қилади. Унда 40дан зиёд ўриндиқлар ўрнатилиб, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган киоскалар қурилади.

Югнакий массивидаги хиёбон эса 2 гектар жойни эгаллаши хабар қилинмоқда. Унда фаввора, шунингдек, болалар учун мўлжалланган аттракционларга бой замонавий болалар майдончаси мавжуд бўлади.

"Ҳозирда лойиҳанинг каму-кўстини кўриб чиқмоқдамиз, жараённинг барча нюанслари эътибордан четда қолмаслиги керак. Шунингдек, қурилажак хиёбон майдони яқинида яшовчи аҳоли ўртасида музокаралар олиб боряпмиз — дам олиш масканидаги шовқин ва ёруғлик чироқлари билан уларга ноқулайлик туғдириб қўймаслигимиз лозим. Режага кўра, лойиҳа 2017 йилнинг март ойида, Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши лозим", — деди у.

Янгиликлар лентаси
0