ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Бугун Ўзбекистонда "Фавворалар куни" нишонланмоқда, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам 2014 йилнинг апрел ойида пайдо бўлган — мамлакат ҳукумати ўшанда 1 майни "Фавворалар куни" сифатида эълон қилган эди. Аммо бу кун тақвимда қизил билан белгиланмаган, яъни дам олиш куни сифатида эълон қилинмаган.
Экспертларнинг аксарияти 2014 йилдаёқ бу байрам совет ҳукумати даврида нишонланадиган 1 май — Меҳнат байрами ва 9 май — Ғалаба кунини халқ хотирасидан сиқиб чиқариш учун сунъий тарзда ўйлаб топилганини қайд этишган эди.
Шундай бўлса-да, "Фавворалар куни" уч ярим йил ичида (Ўзбекистондаги байрамлар орасида энг ёрқинига айланишга улгурмаган бўлсада) секин-аста ўзбек ёшлари муҳаббатини қозонмоқда. Анъанага кўра, асосий тадбирлар Тошкент шаҳрида куннинг биринчи ярмида ўтказилади, бу ерда шу кунда турли шакл ва катталикдаги 70тага яқин фавворалар ишлайди.
Бугун ушбу айём кенг нишонланадими, йўқми, ҳозирча ноаниқ. Ҳарҳолда Маданият вазирлиги томонидан байрам тадбирлари ҳақида расмий хабар эълон қилинганича йўқ.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.