Фақат аҳмоқларгина Ўзбекистонни "терроризм уяси" дейиши мумкин

© из личного архива Александра ГороховаАлександр Горохов
Александр Горохов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Россия ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида содир этилган терактлар у ёки бу тарзда Марказий Осиё давлатлари билан, террорчиларнинг миллати эса Ўзбекистон билан боғланмоқда. Бироқ муаммонинг илдизи асло бу мамлакатда эмас, деб ишонади Sputnik эксперти

Александр Горохов, тарихчи, публицист —Sputnik Ўзбекистон учун

Дунёни ларзага солган уч теракт — Истанбулда янги йил тунида 39 кишининг отиб ўлдирилиши, Санкт-Петербург метросидаги портлаш ва Стокгольмдаги фожиаларда турли услубларда қотиллик уюштирилган бўлишига қарамасдан, уларнинг барини ўзбеклар ижро этишгани билан умумийлик касб этади. Ва бу ҳолат Россияда нафақат собиқ СССР аҳолисига фуқаролик беришни енгиллаштиришни бекор қилиш, балки Марказий осиёликлар учун РФга киришни бутунлай тақиқлашни талаб қилиш учун зўр баҳона бўлди. "Қайноқ калла"лилар шундай радикал усул орқали ўзларини гўёки мусулмон аҳли олиб келувчи террорчилик таҳдидларидан ҳимоялашга умид қилишмоқда.

Тарих қонуниятлари

Терроризм тарихи худди урушлар тарихи каби узун. Мамлакатдаги вазиятни аҳолининг ҳаёти учун хавф солиш, ваҳима ва ҳокимиятга нисбатан норозиликлар орқали издан чиқариш амалиёти қонхўр қўшнилар, ҳокимият илинжидаги маҳаллий сиёсатчилар ва қанчалик қайғули бўлмасин, асрлардан буён мавжуд диний экстремистлар томонидан қўлланиб келинган. Аксарият динлар инсонларни тинчликка чақиришига қарамасдан, ўз эътиқодларидан бошқа эътиқодга мансуб кишиларнинг нафақат тинч яшашга, балки мутлақо яшашга ҳаққи йўқ деб ҳисобловчилар ҳамиша топилган ва ҳозир ҳам бор.

Диний оқимларга қўшилган 19 ёшли ўзбекистонлик 7 йилга қамалди

Ҳар қандай диннинг мутаассиблари бўлган. Улар оташпараст, табиатпарастлар даврида ҳам бўлишган, яккахудолик пайдо бўлганидан кейин ҳам йўқолмаган. Ўз эътиқоди тантанаси учун террорчилик усуллари орқали курашувчи мутаассиблар христианликда, ислом ва иудаизмда ҳам бўлган ва ҳозир ҳам бор. 1940-йилларда Британиянинг Фаластиндаги мустамлакачи маъмурияти инглиз аскарлари казармалари ва британ амалдорлари уйларини портлатувчи кучли яҳудий террорчилар ташкилоти билан тўқнаш келган. Ассасинлар 100 фоиз террорчилик услубидан фойдаланишган. Яҳудийларни яксон қилиш ҳамда Европа ва Россияда "бошқа диндаги"ларни зўрлаб чўқинтириш ҳам террор бўлган.

Бугун эса ҳамманинг оғзида ислом терроризми. Тан олиш керакки, ҳозирда бу ҳақиқатан ҳам терроризмнинг анча кенг тарқалган кўринишидир.

Унинг келиб чиқишининг объектив сабаблари бор. Биринчидан, аксарият мусулмон мамлакатларида яшаш даражаси бошқа ривожланган давлатларга нисбатан анча паст. Ислом динининг асосий тамойилларидан бири адолатга интилиш бўлганлиги боис мусулмонлар орасида радикал йўлбошчилар кўрсатган "адолатсизлик учун қасос олиш"га тайёр инсонларни топиш осон.

Флаг ИГИЛ - Sputnik Ўзбекистон
Назарбаев: биз террорчиларни уйга қайтармаймиз

Иккинчидан, ислом динида ёши катта ва билимли инсонларга ҳамда уларнинг сўзларига ишонишади.

Ва биринчи навбатда, диний билим эгаларига ишониш буюрилади. Собиқ совет республикаларида совет давридаги чекловлар йўқолганидан сўнг диний портлаш пайдо бўлган. Неофитлар (динга янги кириб келганлар) эса маълумки, мусулмон, православ ёки яҳудий бўлишидан қатъи назар, ҳар доим радикал ва мутаассиб бўлиб келишган.

Ўйламасдан айбламанг

Лекин фақат аҳмоқларгина этник ўзбеклар иштирокидаги учта терактга асосланиб Ўзбекистонни "терроризм уяси" дейишлари мумкин. Ўзбекистон ҳукумати терроризм йўлини тутган ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган Ўзбекистон ислом ҳаракати пайдо бўлганидан буён унинг мамлакат ҳудудида жойлашишга бўлган ҳар қандай уринишларига нисбатан кескин чора кўриб келади. 2015 йил бошида ИШИДга содиқлик ҳақида қасамёд қилган ЎИҲ таркибида нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллатлар: араблар, пуштунлар ва бошқалар бор. Нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатлар, хусусан Афғонистондан ҳам қувиб чиқарилган ЎИҲ Покистоннинг шимолий-ғарбий, ҳукумат деярли назорат қилмайдиган ҳудудларидан паноҳ топган.

Эксперт Российского института стратегических исследований Игорь Николайчук - Sputnik Ўзбекистон
Дўппи кийган террорчилар ёки ИДнинг ини қаерда

Бу Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам тегишли. Қирғизистон бир неча бор якка терактлардан тортиб Ўзбекистон билан биргаликда аивазарбалар ёрдамида террорчилар ҳужумларини қайтаришига тўғри келди. Тожикистондаги фуқаролар урушида террорчи гуруҳлар, хусусан ЎИҲ қатнашди, мамлакат чегаралари эса мунтазам равишда ҳужумларга дуч келади.

2016 йилда Туркманистоннинг жанубий ҳудудлари ИШИДчилар ҳужумига учради. Қозоғистон расман Марказий Осиёга кирмаса-да, географиядан унчалик хабари бўлмаганлар уни ушбу минтақага киритишади. Мақсадларидан бири терроризмга қарши кураш бўлган ШҲТнинг асосчиларидан бўлган бу давлат ёвуз иллатга қарши курашда фаол қатнашмоқда.

Бошни қум ичига тиқмаслик лозим

Махсус хизматлар вакиллари Россия ва МДҲ мамлакатлари чегараларини кесиб ўтувчиларга нисбатан дактилоскопияни жорий этиш қонуний ва ноқонуний мигрантларни назорат қилишнинг самарали чораси деб айтишмоқда.

Лекин ислом терроризмига "ташқи", "олиб келинувчи" таҳдид сифатида қараб, чегарадаги чораларни кучайтириш орқали ундан сақланиш мумкин дея фикрлаш нотўғри. Россиянинг ўзида, турли ҳисоб-китобларга қараганда, 7 млндан 8,5 млнгача мусулмонлар яшайди. Мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари эса фақатгина Россия фуқароларидан иборат террорчи ташкилот ва тармоқлар фош этилгани ҳақида мунтазам равишда хабар қилиб туради.

Политолог Геворг Мирзаян - Sputnik Ўзбекистон
Мигрантларга нисбатан қандай йўл тутиш керак?

Муаммо мавжуд, буни Россияда ҳам, собиқ совет мусулмон мамлакатларида ҳам ҳеч ким инкор этмайди. Ва уни умумий чегараларни ёпиш билан эмас, балки узоқ ва тиришқоқлик талаб қилувчи меҳнат орқали ҳал қилиш лозим. Жумладан, мусулмонлар диний бошқармалари ва миллий жамиятлар меҳнати орқали. Бунда исломнинг асосий тамойилларидан бири — катталарга ва диний таълим олганларга нисбатан ҳурмат тамойилидан фойдаланилади.

Шунингдек, етарли даражада олий тоифали руҳонийларни тайёрловчи миллий мадрасалар тармоқларини жорий этиш даркор. Хорижда таълим олган кўпчилик имомлар радикал қарашдаги руҳонийларга айланиши сир эмас. Улар ижтимоий тенгсизликни ҳис қилаётган ёшларни ўз диндошларига нисбатан нафратда бўлишга ва бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлишга етаклашади.

Террорчи жаннатга муносибми?

Бир пайтлар СССР таркибига кирган мамлакатларнинг барча мусулмон диний уламолари террорчиларнинг жиноятчи эканликларини, террорчилик ҳаракати ислом ғоясига ёт эканлигини таъкидлашади. Эҳтимол, уларга диндан қайтганлардек муносабатда бўлиш керакдир? Мақола бошида 1940-йиллардаги Британия Фаластинида юз берган яҳудий террори тўлқини ҳақида айтгандим. Инглизлар бу тўлқинни тезда бартараф этишган. Улар террорчиларнинг жасадларини чўчқа терисига ўраб террорчининг яқинларига топширишган.

Бегуноҳ инсонларга нисбатан қонли жиноят содир этиш билан террорчилар чин мусулмонлар сафидан чиқадилар. Теракт содир этмоқчи бўлган ҳар қандай инсон билиб қўйсинки, бу йўл орқали унга жаннат эшиклари ёпилади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқланиши мумкин.

Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.

Янгиликлар лентаси
0