ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси gрезиденти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 14-апрел куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.
Жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган Самарқанд автомобил заводи, "JV Man Auto Uzbekistan" қўшма корхонасида ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. "British-Amerikan tobakko", "Sam Antep Gilam", "UrgGazKarpet", "Amin Invest", "Дака Текс", "Агромир Самарқанд" қўшма корхоналари, "Сино", "Самарқандкимё" акциядорлик жамиятлари, “Шарқ саноати” хусусий концерни цингари йирик ишлаб чиқариш қувватлари вилоятнинг иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда.
2016-йилда яна 19 қўшма корхона ташкил этилган ва вилоят бўйича уларнинг сони 263 тага етган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларни ташкил этган. Экспорт ҳажми 2015-йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошган.
Бу кўрсаткичлар Самарқанднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам намоён бўлмоқда. 2016-йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 8,7 % ўсгани шундан далолат беради.
Азалдан ҳунармандлик ва ишбилармонлик фазилатлари билан донг таратган самарқандликлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам муҳим натижаларга эришиб келмоқда. Айни пайтда вилоятда мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 78 %дан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 84 %дан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани эътиборга лойиқ.
Бугунги кунда сабзавотнинг 33 фоизи, меванинг 38 фоизи, сутнинг 34 фоизи, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги маҳаллий корхоналарда қайта ишланмоқда. Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоятдаги шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида намоён бўлмоқда.
Туризм Самарқанд вилояти иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Вилоятда туристик ресурслардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан ортиқ сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда.
Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.
Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди.