ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимларининг ҳамкорликдаги операциялари давомида воситачилар орқали йирик миқдорда пул таъма қилган Андижон вилоят хўжалик суди раисининг ўринбосари Анвар Абдуллаев қўлга олинди.
МХХ органига Н.М. (тергов манфаати юзасидан исм-шарифи ошкор қилинмади) исмли аёл мурожаат қилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 165, 166, 227, 228 ва 233-моддалари бўйича қўзғатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқиш ҳамда мусодара қилинган мулкини қайтариб бериш учун ундан 300 минг АҚШ доллари сўрашаётганини маълум қилди.
Ўтказилган тадбир чоғида Самарқанд вилоятида яшовчи вақтинча ишсиз 48 ёшли Холназар Турсунов ундан 150 минг долларни бўнак сифатида олаётганида ушланди. У суриштирув давомида айбига тўлиқ иқрор бўлди ва унинг кўрсатмаси асосида оператив ходимлар яна бир шахсни қўлга олдилар. Вақтинча ишсиз 44 ёшли Азим Ҳакимов Турсуновдан 150 минг долларни олаётганида ушланди.
У бу пулни қариндоши — Андижон вилоят хўжалик суди раисининг ўринбосари Анвар Абдуллаев билан ҳамкорликда таъмагирлик орқали пул олаётганлигини маълум қилди.
Махсус хизмат ходимлари Абдуллаевни қўлга олиш учун махсус режа тузиб чиқдилар ва амалга оширдилар. Азим Ҳакимов Абдуллаевга қўнғироқ қилиб Турсуновдан пулни олганлигини ва 150 минг долларни бериш учун учрашишлари кераклигини билдирди. Оператив ходимлар ушбу суҳбатни ёзиб олдилар ва ашёвий далил сифатида сақлаб қўйдилар.
"Тез орада Тошкентда Азим Ҳакимов ва Анвар Абдуллаев учрашади. Учрашувда суд раисининг ўринбосари Н.М.га нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича аёлнинг фойдасига қарор чиқарилганидан сўнг пулни бўлишишларини айтади", — деди МХХ вакили.
Суриштирув чоғида А.Абдуллаев Н.М. берган пулларни адвокатлар ёрдамида аёлга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни унинг фойдасига қайта кўриб чиқилиши учун ишлатмоқчи бўлганлигини айтди.
Айни пайтда А.Абдуллаев, А.Ҳакимов ва Х.Турсуновларга нисбатан прокуратура органи томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.