ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари билан ҳамкорликда пул эвазига суд органига ишга жойлаштиришни ваъда берган товламачини қўлга олишди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига куч тизими вакили маълум қилди.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани суд ижрочилари бўлимининг жамоатчи ёрдамчиси Муроджон Миранваров фуқаролардан бирини шу бўлимга суд ижрочилигига ишга жойлаштиришда ёрдам беришини айтиб ундан 5 минг доллар сўраган.
"Муроджон Миранваров сўралган пулни олаётган вақтда қўлга олинди. Товламачи дастлабки терговда айбига иқрор бўлмади. Бироқ рад қилиб бўлмайдиган далиллар кўрсатилганидан сўнг у айбига тўлиқ иқрор бўлди", — деди МХХ вакили.
Унга нисбатан Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида Миранваровнинг шерикларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.