ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ходими Умид Равшанбековни йирик миқдорда пора олаётганида қўлга олишди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига куч тизими вакили маълум қилди.
Умид Равшанбеков ҳозирда Жиноят кодексининг 210-моддаси ("Пора олиш") бўйича иши терговда бўлган Хоразм вилояти Боғот тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг собиқ бошлиғи Отабек Тўраевнинг қариндошларидан 20 минг доллар сўраган.
"Равшанбеков бу пул эвазига ўзининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги танишлари орқали айбланувчини жиноий жавобгарликдан озод қилишда ёрдам беришни ваъда қилган. Оператив ходимлар Равшанбековни Чилонзор туманида 10 минг долларни бўнак сифатида олаётган пайтда қўлга олишди", — деди МХХ вакили.
Суриштирув давомида шунингдек, Равшанбеков илгари Тўраевни Хоразм вилояти Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлашда ёрдам беришини айтиб ундан 10 минг доллар олгани аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида Равшанбековнинг шерикларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати коррупция, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва товламачиликка қарши кураш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Мамлакатда ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Биргина кейинги йил давомида бу йўналишда қатор қатъий қадамлар қўйилди —"Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди ҳамда Коррупцияга қарши кураш Давлат дастури имзоланди.