ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Ўзбекистон президентининг 2016 йилдаги Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишини ҳамда Юнусобод йўлининг 2-босқичини қуриш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ бугунги кунда улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатларга кўра узунлиги 7,1 километр бўлган метронинг Сергели йўналиши 2017-2020 йиллар мобайнида қуриб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган, деб хабар қилди "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот-хизмати.
Таъкидланишича, "Кўприк қурилиш трести" унитар корхонасининг юқори тажриба эга мутахассислари томонидан замонавий техникалар ёрдамида иш жараёнлари сифатли ва белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш объектига зарур бўлган темир-бетон ҳамда бошқа маҳсулотлар ўз вақтида етказиб берилаяпти.
Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг 2-босқичини барпо этиш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Мазкур йўлнинг узунлиги 2,7 километр бўлиб, 2 та бекатдан иборат бўлади.
Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида жами 135 минг кубметр тупроқ ишлари, 220 кубметр бетонлаш ишлари бажарилди. Ҳозирда мавжуд 2 та шахта ва туннелларда модернизация жараёни амалга оширилаяпти.
Ҳозирги кунга келиб, Тошкент метрополитенида 3 та йўналишда 29 та станция мавжуд бўлиб, уларнинг узунлиги 39 километрга етган. Янги бунёд этилаётган Сергели ва Юнусобод йўналишидаги қурилиш ишлари тугатилиб, фойдаланишга топширилса, мавжуд станциялар сони 37 тага, метрополитеннинг умумий узунлиги эса 48,8 километрни ташкил этади.