ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистонда рак хасталигига дучор бўлган футболчи Сирожиддин Сайфиевга ёрдам бериш мақсадида "Таслим бўлма, Сирож" акцияси ўтказилмоқда. Бу ҳақда iff.uz сайти хабар берди.
Сирожиддин Сайфиев Самарқанднинг "Динамо" клубида тўп сурган бўлиб, бир неча мавсум жамоа сардори сифатида майдонга тушган.
Сайфиев футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг бу дардга чалинган. Унинг илк аломатлари 2015 йилда кўзга ташланган.
Яқинлари ёрдамида керакли муолажани олгач, ўпкасидаги ўсимтанинг ярми йўқ қилинган ва касалликнинг ривожланиши вақтинча тўхтатилган. Аммо 2016 йилда унинг бошида қаттиқ оғриқ қўзғалган ва касаллик унинг бош қисмига ўтгани текширувлар натижасида маълум бўлди. Даволаниш жараёнига кўп миқдорда маблағ кетди, бу борада унга "Қизилқум" футболчиси Эркин Бойдуллаев яқиндан ёрдам берди.
Сирож Москвада 3 — 4 апрель кунлари икки маротаба кучли кимёвий амалиётни ўз бошидан ўтказди.
Шифокорларнинг айтишларича, унинг бошидаги 6 ўсимтадан 3тасини қисқартиришга эришишган. Қолган учтаси эса ҳозирча кичик ҳолатда ривожланмоқда. Бу каби ташхис билан келган беморнинг ҳаёти унинг организмини дард билан кураша олишига боғлиқлиги айтилди.
Ўзбекистондаги қатор спорт сайтлари ва футбол клублари #таслимбўлмасирож акцияси доирасида футболчига ёрдам кўрсатишни мақсад қилиб қўйди.
"Локомотив", "Олмалиқ", "Сўғдиёна", "Насаф", "Динамо", "Бухоро", "Обод", "JFL Tashkent" жамоалари акцияда иштирок этишларини маълум қилган.
Шунингдек, Қатардан Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедов ҳам лойиҳада иштирок этишларини билдирган.
"Гап бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш устида кетмоқда. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб Сирожиддин Сайфиевга чин дилдан ёрдам берайлик", дейилади сайтдаги хабарда.
Акциядан хабар топган Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ҳам унга ўйлаб ўтирмай қўшиладиган бўлди. Шунингдек, "Қўқон-1912" клуби ҳам Сирожиддин Сайфиевга ёрдам бериш акциясида иштирок этадиган бўлди. Олий лиганинг 5-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" — "Динамо" учрашувида футболчини қўллаб-қувватловчи акция бўлиб ўтади.
aleziya.com сайти 1 ойлик даромадини Сирожиддин учун аташини таъкидлаб ўтди.
"Динамо" сафида бирга тўп тепкан Жаъфар Ирисметов ва Зайниддин Тожиев у жароҳат олиб ётган пайти ҳам ёлғизлатиб қўймаган эдилар. Бошланган акцияда ҳам улар фаол бўлишларини айтдилар ва қўлдан келган барча ёрдамларини аямайдилар.
"Динамо"да Сайфиевга устозлик қилган Азамат Абдураимов фахрийлар ўртасида тадбир ўтказиш таклифи билан чиқди.