ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилгача онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мазкур қарорда онкологик касалликлар туфайли ўлимни пасайтириш ҳисобига аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш ва онкология хизматини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Экспертларнинг фикрича, қарор онкологик касалликларни илк босқичларда фаол аниқлашнинг замонавий усулларини жорий этиш, даволашнинг жаҳон стандартлари даражасига мувофиқ бўлган замонавий юқори технологик усулларидан фойдаланишни яхшилаш орқали саратон касалликларига қарши курашнинг янги босқичини бошлаб беради.
Мамлакатда онкологик касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволаш соҳасида тиббиёт ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона методик вертикали шакллантирилади. Ушбу вазифаларни ҳал этиш учун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш, шунингдек, минтақавий онкология диспансерларини унинг филиалларига айлантириш назарда тутилган.
Хавфли ўсмаларга барвақт ташхис қўйишни яхшилаш ва импорт ўрнини босадиган маҳаллий ўсмага қарши препаратларни яратиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази негизида Саратон профилактикаси ва Экспериментал онкология марказлари ташкил этилади.
Улар онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича мувофиқлаштирувчи-методик фаолиятни таъминлаш ва скрининг текширишлар ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, шунингдек, саратон эпидемиологияси ва хавфли ўсмалар ривожланишининг молекуляр механизми соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, маҳаллий ўсмага қарши препаратларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Асосийси, республика онкология муассасалари саратон касалликларини эндоскопик ва радиотерапевтик даволаш бўйича энг янги аппаратлар комплекслари билан жиҳозланади, шу жумладан, республикага "Да Винчи" роботлаштирилган жарроҳлик комплекси ва гамма тиғ сингари ноёб ускуна етказиб берилади.
Вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида тўртта минтақалараро хоспислар ташкил этилиши республика фуқароларининг ҳаёт сифати яхшиланишига принципиал жиҳатдан муҳим ёндашув бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, республиканинг барча ҳудудида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини ва Фарғона вилоятида тажриба лойиҳасини амалга ошириш доирасида қизилўнгач, меъда ва колоректал саратонни аниқлашга йўналтирилган скрининг тадқиқотларини босқичма-босқич жорий этиш йўли билан онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирлари такомиллаштирилади ҳамда хавфли ўсмаларга барвақт ташхис қўйишнинг молекуляр-биологик, генетик, эндоскопик ва нур усулларини онкология диспансерлари амалиётига жорий этилади.
Шунингдек, онкология соҳасида аҳолига юқори малакали даволаш-профилактика ёрдами кўрсатган ҳолда онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий усуллари кенг жорий этилади.
Умуман олганда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион АҚШ долларини йўналтириш назарда тутилган.
Бу эса 100 минг аҳолига онкологик касалликлардан вафот этиш кўрсаткичини 38,7 фоиздан 35 фоизгача пасайтириш, онкологик касалликларга чалинган беморларни ўсмага қарши препаратлар билан таъминлашни 33 фоиздан 90 фоизгача кўпайтириш, аҳолининг даволашнинг юқори технологик турларига бўлган эҳтиёжини қоплашни 70 фоизгача етказиш имконини беради.