ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси онкология илмий маркази ва Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, Жаҳон АА хабарига асосан.
Учрашувда Россия ва Ўзбекистон онкология илмий марказлари орасида ўзаро "англашув меморандуми" имзоланди. Меморандум доирасида онкологик касалликлар билан курашиш бўйича илмий, амалий ва услубий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор тадбирлар амалга ошириш режалаштирилган.
— Ўзбекистон онкология хизматининг илмий-амалий, моддий-техник салоҳияти жаҳон андозалари талабларига тўла жавоб беради, — дейди Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази директори, академик Михаил Давидов. — Бугунги тадбир ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. Илмий-амалий алоқаларни янада кенгайтириш, замонавий технологиялар юзасидан тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва тиббий таълимни такомиллаштиришга доир қатор лойиҳаларни режалаштирганмиз. Бу ишлар тиббиёт ривожи ва инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими яратилгани ва соҳа босқичма-босқич такомиллаштирилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг 5 январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасини жиддий танқид остига олган эди. Жумладан, ҳар йили минглаб аҳоли Россия ва Ҳиндистонга тиббий даволаниш мақсадида бораётгани ва миллионлаб доллар маблағ сарфлаётгани алоҳида айтиб ўтилган ва мураккаб тиббий операцияларни Ўзбекистонда ўтказиш учун чет эллик мутахассисларни таклиф қилиш масаласи қўйилган эди.
Хабарда айтилишига кщра, Ўзбекистонда охирги йилларда аҳолига онкологик хизмат кўрсатувчи шифо муассасаларининг барчаси босқичма-босқич модернизация этилган. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятларидаги онкология диспансерлари биноси янгидан қурилди. Фарғона, Навоий ва Жиззах вилоятлари онкология диспансерларида радиология бўлимлари очилган.