ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбек телевидениесининг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оламиз? Бугунги кунда ойнаи-жаҳондан ўрин олаётган дастурлар халққа манзур келяптими? Бу соҳага бириктирилган раҳбарлар ўз вазифаларини қай даражада уддалай оляптилар?
Ўзбек телевидениесининг бугунги ҳолати ҳақида телевидение соҳасида фаолият юритган шоир Муҳаммад Исмоил фикр билдирди.
Танқид сабабини раҳбарлардан излаш керак
"Алишер Хўжаев (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг собиқ раиси, таҳр.) юзлаб иқтидорли тележурналистларни, режиссёрларни, муҳаррирларни ишдан ҳайдаб, телевидениени чала ўлик ҳолатга келтирган эди. Уни ишдан бўшатишди-ю, лекин унинг ўрнига келганлар бундан сабоқ олмади. Яна эски ҳаммом, яна эски тос вужудга келди. Нуритдинов Хўжаев нега ишдан олинганини ўйлаб кўрмади".
Ўзбекистон минбари
"Телевидения, истаймизми йўқми, матбуотнинг юраги. Уни ҳар куни миллионлаб одам кўради. Телевидения, қудратли давлатимиз юритаётган сиёсатнинг яловбардори. Буюк мамлакатимиз минбари. Бу минбарга ҳар куни ўттиз икки миллион аҳоли қараб ўтиради.
Бу кимнинг асабини ўйнатмайди?
Давлатимиз телевидение фаолият юритиши учун мустақиллигимизни мафкурасини кучайтириш учун миллатимизни маънавиятини кучайтириш учун мамлакатимизда ғоявий барқарорлик ҳукмрон бўлиши учун ҳар йили бюджетдан миллиардлаб маблағ ажратади.
Аммо телевидениега қарасангиз, фақат куракда турмайдиган гап сўзларни эшитасиз, чет эл сериалларини томоша қиласиз, тутуруқсиз ашулачиларни тинмай томоша қилаверасиз…
Элчи қаердаю, ҳоким нега ишдан олинди?..
Ўзбекистон телевидениесида бирорта таҳлилий, танқидий кўрсатув йўқ. Бирор тележурналист журналистлик тадқиқот олиб бормайди. Бирор атоқли олим, файласу, вазир, вилоят ҳокими чиқмайди. Бирорта элчимиз қаерда, нима иш қилаётганини гапирмайди. Бирорта партия раҳбари нимани ўйлаётганини, нима тўғрию, нима нотўғри бўлаётганини гапирмайди.
Туман ҳокимлари, вилоят ҳокимлари алмашади, улар нега алмашгани ҳақида таҳлилий кўрсатувни ҳали кўрганимиз йўқ. Вазирлар алмашади, уларни нега алмашгани ҳақида бирор киши чиқиб бир нарса демайди. Уларнинг йўл қўйган хато ва камчилиги бошқаларга ўрнак бўлсин, бу ишлар бошқа қайтарилмасин деган маънода таҳлилий кўрсатувлар қилинмайди. Худди биз бошқа сайёрадамизу, одамлар бошқа сайёрада яшаётгандек.
Телевизорда фақат сериал, кино, ашула…
Отга аталган қамчи бошимга тушмасин десангиз…
Хуллас, гапирсак гап кўп. Шавкат Мирзиёев "Ахборот" дастурини жуда тўғри танқид қилди.
Бу танқид нафақат "Ахборот"га, балки барча телеканалларга тегишли. Барча телеканал дастурларига ҳам тегишли. Шунингдек, Ўзбекистондаги барча оммавий ахборот воситаларига ҳам тегишли. Расмий газета ва журналларимиз ҳам президент танқидларидан тўғри хулоса чиқариб олишлари шарт. Отни қамчилаш даври келди.
Агар отни қамчиламасалар, бу қамчи ўзларини бошига албатта, тушади.