ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентига миннатдорлик мактуби йўллади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Илгарироқ АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарига Наврўз муносабати табрик йўллаб, хатда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда катта ижобий ўзгаришлар сезилаётганини қайд этгани ҳақида хабар қилган эдик.
Мирзиёевнинг Трампга йўллаган жавоб мактуби қуйидагича бошланади:
Муҳтарам Президент Жаноблари!
Сизга ва Сизнинг тимсолингизда бутун Америка халқига янгиланиш, фаровонлик ва уйғониш фасли бўлган Наврўз байрами муносабати билан йўллаган самимий табрик ва эзгу тилакларингиз учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.
Сизнинг шахсий муносабатингизни юксак қадрлайман, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатларимиз бизнес доираларининг яқин алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Ўзбекистон билан Американинг стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, айниқса, минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар бўйича ёндашувларимизнинг муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноб Президентга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизга улкан муваффақиятлар, Америка Қўшма Штатлари халқига тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман".