ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Республика ижтимоий-сиёсий адабиётида илк бор икки мамлакат ўртасидаги асосий воқеалар, муҳим фактлар ва саналар умумлаштирилиб, бир тизимга солинган ҳолда нашр этилди.
"АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлиги факт ва рақамларда. 1992-2016" китоби Мавлон Шукурзода меҳнатининг ана шундай маҳсули ҳисобланади. Китоб "Niso-Рoligraf" нашриётида чоп этилди.
Муаллиф икки мамлакатнинг ўтган 25 йиллик ҳамкорлиги давомидаги ўзаро алоқалари тарихига оид энг муҳим фактлар ва рақамларни жамлаш, умумлаштириш ва тизимлаштиришга ҳаракат қилган. Натижада дипломатик алоқалар тарихини намойиш этувчи энг қизиқарли ва рангдор фотосуратларнинг кенг тўплами тасвирланган икки томонлама муносабатларнинг қисқача маълумотномаси яратилди.
Ушбу китобда манба сифатида давлат тузилмаларининг сиёсий ва қонунчиликка оид маълумотлари, турли илмий-таҳлил марказлари, халқаро ва маданий-маърифий ташкилотлар, Дўстлик жамиятларининг норасмий манбалари, оммавий ахборот воситалари, интернет-ресурслар ва маълумотномалар, мутахассислар ва экспертлар билан шахсий мулоқотлардан фойдаланилган.