ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Тошкент шаҳридаги барча маҳаллаларда тадбиркорлик субъектлари томонидан "Замонавий маҳалла" намунавий лойиҳа асосида маҳалла маркази ташкил этиш хоҳишини билдирган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредит берилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, шаҳар ҳокимлигида жорий йилнинг 31 март куни Тошкент шаҳар ҳокими томонидан "Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида "Замонавий маҳалла" марказлари намунавий лойиҳасини жорий қилиш тўғрисида"ги қарор имзоланган.
Қарорда кўрсатилишича, маҳалла марказлари маҳалла оқсоқоли, маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун хоналар, қариялар учун дам олиш хонаси, кутубхона, коммунал тўловларни қабул қилиш шахобчаларидан иборат бўлади.
Бундан ташқари, бу ерда барча шароитлар мавжуд ўриндиқлар, соябонлар, болалар майдончаси ҳамда дам олиш майдонлари, енгил конструкциялардан иборат ёшлар учун спорт иншоотлари, кичик архитектура шакллари ва фавворалар ташкил этилиб, тунги ёритгич мосламалари билан жиҳозланади.
Маҳалла марказида шунингдек, гўзаллик салони, савдо шахобчаси, новвойхона, пойабзал таъмирлаш устахонаси, маиший техникалар таъмирлаш устахонаси, кичик ҳажмдаги кийим-бош таъмирлаш ательеси, кичик ва ўрта бизнес (ҳудуд экологияси, жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги ва тинчлигига таъсир этмайдиган) фаолияти учун, кичик ўқув ва спорт марказидан ташкил топган савдо ва маиший шахобчалари мавжуд бўлади.
Маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шахобчалар ташкил этиш маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва туман ҳокимликлари томонидан тавсия этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
Мазкур қарорда қайд этилган савдо ва маиший шахобчалар капитал қурилмаларининг қурилиш ишлари якунланганидан ҳамда фойдаланишга қабул қилингандан сўнг фаолият турини ўзгартирмаслик (савдо ва маиший шахобчаларни қайта ихтисослаштирмаслик) шарти билан ўрнатилган тартибда тадбиркорлик субъектига мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Жойларда тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган маҳалла марказларига мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан "Замонавий маҳалла" намунавий лойиҳаси бўйича барпо этилган маҳалла марказлари иншоотлари "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлимларига беғараз фойдаланиш учун топширилади.
"Замонавий маҳалла" намунавий лойиҳаси асосида ташкил этилган, маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шахобчаларини қуриш ихтиёрини билдирган тадбиркорлик субъектларининг мурожаат ва лойиҳалари эътибор билан ўрганилиб, уларга ер майдонини ажратиш бўйича тегишли ташкилотлар томонидан шаҳар ҳокимлигига асосланган таклиф киритилади.