ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев маҳалла институтини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар қилган Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.
Маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;
ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш.
Маҳалла идораларига тегишли вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланади.