ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Бугун Тошкентда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "Ўзбектелеком" АЖ, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ҳамда УЗИНФОКОМ Маркази томонидан ташкил этилган тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Унда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга йўналтирилган таълимий ва кўнгилочар ресурслардан фойдаланиш мумкин бўлган махсус «ZiyoNET» тариф режаларининг жорий қилиниши ҳақида эълон қилинди.
Маълумки, замонавий интернет технологиялари фойдали жиҳатлар билан бир қаторда ёт ғояларни тарғиб қилиш, миллатчилик, зўравонлик, экстремизм каби салбий таъсирларни оммалаштириш воситаси сифатида ёш авлод тарбиясига жиддий таъсир ўтказмоқда.
Ота-оналар фарзандларини бу каби таъсирлардан ҳимоя қилиш учун, Интернетдан фойдаланишни бутунлай чеклаб қўйишни маъқул кўришади. Натижада, бола Интернет тармоғининг фойдали жиҳатлари, яъни билимларини бойитиш, тажриба алмашиш, жаҳон ва маҳаллий миқёсидаги сўнгги янгиликлар билан танишиш ва электрон кутубхоналардан фойдаланиш каби имкониятларидан ҳам маҳрум бўлади.
Айрим ота-оналар одатда "ота-она назорати", "қора рўйхати" каби махсус тизимларни жорий қилган ҳолда, фарзандларига Интернет тармоғидан фойдаланишга рухсат берадилар. Аммо бу услуб доим ҳам ўзини оқламайди.
Ёш авлодга Интернет тармоғида қулай, хавфсиз муҳит яратиш, таълим ва билим берувчи ресурслардан ягона нуқтадан фойдаланишларини ташкил қилиш орқали, салбий таъсир кўрсатувчи ахборот манбааларидан ҳимоя қилиш мақсадида "Ўзбектелеком" АЖ томонидан махсус тариф режалари туркуми ва қўшимча хизматлар яратилди.
Халқаро тажриба асосида татбиқ қилинаётган тизим, хавфдан холи бўлган фойдали Интернет ресурсларидан оммавий фойдаланиш имкониятини беради.
Янги тарифларни ишлаб чиқишда 2006 йилдан бошлаб таълим муассасалари, ахборот-кутубхона марказлари, илмий, маданий-маърифий марказлар, яъни юридик муассасалар имтиёзли равишда уланиб келган «ZiyoNET» тариф режаси асос қилиб олинган.
Бундан буён «ZiyoNET» махсус тариф режаларига жисмоний шахслар ҳам уланишлари мумкин бўлди. Фойдаланувчи «ZiyoNET» тармоғидан Ягона ахборот ресурслари рўйхатига кирган илмий-таълимий, маънавий-маърифий ва боланинг этук ва соғлом бўлиб вояга этишига хизмат қиладиган бошқа миллий ва халқаро Интернет саҳифалари ўрин олган.
Ушбу тариф режаларини ишлаб чиқишда унинг нафақат ёшлар учун фойдали, шунингдек кўрсатиладиган хизматларнинг ҳаммабоп — қулай нархда бўлишига ҳам алоҳида урғу қаратилган.
«ZiyoNET» тариф режасида Ягона ахборот ресурслари рўйхатига киритилган халқаро ва TAS-IX, яъни Миллий.UZ доменида фаолият кўрсатувчи сайтлардан фойдаланиш мумкин бўлади.
Тариф режасида TAS-IX тармоғидаги ҳудудидаги сайтлардан фойдаланиш трафиги чегараланмаган. Бундай сайтлардан фойдаланганда ҳисобдан мегабайт сарф қилинмайди.
Айни пайтда, «ZiyoNET» тарифи доирасига таълим, маданият, спорт, бизнес, тиббиёт йўналишларидаги 3 мингдан зиёд миллий ва халқаро сайтлар киритилган ва уларнинг сони кун сайин ошиб бормоқда.
Қолаверса, "Eнг кичик ёшли фойдаланувчилар учун" ҳам махсус сайтлар рўйхати мавжуд. Ушбу рўйхат мунтазам таҳлил ҳамда фойдаланувчилар таклифларига кўра, бойитиб борилади.
УЗИНФОCОМ Маркази фойдаланувчиларни ёшлар учун фойдали ва қизиқарли сайт номларини ушбу рўйхатга қўшиш бўйича таклиф бериш, шунингдек ёшларбоп ресурслар ишлаб чиқишга ҳисса қўшишга чақирадилар. Ёшларбоп сайт яратиш истагида бўлганларга «ZiyoNET» портали лойиҳаси доирасида Марказ бепул амалий ва техник кўмак берилади.