ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Бундан кейин газ идорасига ишга кирувчининг номзоди ҳар томонлама ўрганилади. Ишга қабул қилиш масаласи эса "Самарқандшаҳаргаз" филиалида тузилган комиссия қарори билан ҳал этилади, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Йиғилишда газ идораси назоратчиларининг асосий вазифаси нималардан иборатлиги, нима сабабдан улар аҳоли орасида ўз обрўсини йўқотмоқда, соҳа ходимларининг мавқеини кўтариш, уларга нисбатан аҳоли ишончини тиклаш учун нималар қилиш лозим, деган масалалар ўртага ташланган.
"Самарқандшаҳаргаз" филиали бошлиғи Акбар Баҳриев назоратчиларни бевосита истеъмолчиларга яқинлаштириш ва мижозларнинг ҳар бир муаммо бўйича узоқ масофани босиб, филиал идорасига келишдек оворагарчиликдан сақлаш мақсадида шаҳарда 10 та ҳудудий бўлинма ташкил этилаётганлигини билдирган. Газ истеъмоли билан боғлиқ барча масалалар айнан шу жойнинг ўзида ҳал этилиши айтилган.
"Ушбу мақсадни амалга ошириш учун шаҳар ҳокимлиги ҳар бир ҳудудда керакли бино ажратиб берган. Шу ернинг ўзида банк шохобчаси ҳам ташкил этилади. Энди истеъмолчи фойдаланган газ учун тўловни назоратчига эмас, балки турар жойига яқин бўлган банк шохобчасига топширади", — деб аниқлик киритган хабарда журналист Тошпўлат Раҳматуллаев.
Таъкидланишича, назоратчи ҳар уч ойда амалга оширган назорати бўйича далолатнома тузиб, бир нусхасини истеъмолчига қолдириши керак.
Йиғилишда Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари З.Хўжаев жорий йилнинг дастлабки икки ойида шаҳарда 45 та фирибгарлик жинояти содир этилганлигини таъкидлаб, улар орасида "Самарқандшаҳаргаз" филиали ходими ҳам борлигини қайд этган.
Йиғилишда "Самарқандшаҳаргаз" филиалида ички тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ҳамда мижозлар билан ишлаш тизимини тубдан ўзгартириш масалалари батафсил муҳокама қилинган.