ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Самарқанд вилоят бош имом хатиби ўринбосари, Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби Зайниддин Эшонқулов "Зарафшон" нашри орқали аҳолини сув, свет ва газ ҳақини вақтида тўлашга чақирди.
Газ ва электр энергияси давлатнинг мулки. Давлатнинг асосини эса халқ ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу неъматларнинг ҳақини тўламасдан фойдаланиш халқ мулкига хиёнат ҳисобланади. Қолаверса, давлат бюджетига тушадиган бу маблағларда пенсионерларнинг, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирларнинг ҳақи бор. Коммунал тўловларни амалга оширмаётганлар зикр этилган қатламлар ҳақини ўзлаштириб юбораётганлари, бу ишлари билан ўзганинг ҳақини еяётганларини билишлари лозим. Ваҳоланки, Қуръони каримда "Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг", дея кишиларни бошқанинг мулкига кўз олайтиришдан қайтарилган.
Бу табиий неъматлардан талаб этилган кўринишда фойдаланиш, уларда ҳамманинг ҳам бирдек ҳақи борлигини унутмаслик лозим.
Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзига юклатилган вазифаларни астойдил бажариши, зиммасидаги мажбуриятларга виждонан ёндашмоғи ва ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, молига хиёнат этмаслиги зарур. Бунинг натижаси эса шу фуқаронинг ўзига, жамиятга, давлатга фақат манфаат келтириши шубҳасиз", — дейилади мақолада.